Охирги 50 йилда Ерда қандай ўзгаришлар бўлди: Одамлар ҳалокат сари бормоқдами?
400 кишидан иборат олимлар гуруҳи 3 йил давомида Ердаги охирги 50 йилда содир бўлган биохилма-хиллик ва экотизимдаги ўзгаришларни қунт билан ўрганишди. Улар якуний хулосага келишлари учун 15 мингга яқин тадқиқот ва манбаларни ўрганишди.
Уларнинг тадқиқоти шуни кўрсатмоқдаки, Ер шари ва одамзот умумий улкан ҳалокат томон жадал ҳаракатланиб бормоқда.
Охирги 50 йилдаги одамзот томонидан табиатга етказилган зарар оқибатида 1 миллион турдаги турли мавжудотлар йўқолиб кетиш арафасида турибди.
Қуруқликдаги умумий мавжудотларнинг 20 фоизи йўқолиб кетиб бўлган.
Сув жонзотларининг эса 40 фоизи бутунлай йўқ бўлиб кетган. Денгиз ва океанлардаги сут эмизувчилар ва бошқа сув жонзотларининг 33 фоизи бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида.
Охирги 50 йилда инсониятнинг қуруқликдаги табиатга таъсири натижасида қишлоқ хўжалиги ва ҳайвонот дунёси шу пайтгача ўзи истеъмол қилиб келаётган чучук сувнинг 75 фоизини йўқотиш арафасида турибди.
Ер остидаги чучук сувлар ҳам 23 фоизга камайган.
Охирги 50 йилда шаҳарлар ва қишлоқлар ҳудуди икки бараварга ортган.
Охирги 50 йилда дунё бўйлаб автомобиллар сони 70 фоизга, темир йўллар 50 фоизга ортган.
Охирги 50 йилдан буён Дунё океанига ҳар йили ўртача 400 тонна оғир металл ва заҳарли чиқиндилар тўкилаяпти. Бунинг натижасида дунё океанининг турли чеккаларида камида 400 та "ўлик ҳудуд" вужудга келган. Уларда заҳарли чиқиндилар туфайли тирик сув жонзотлари умуман қолмаган. Уларнинг умумий ўлчами 245 минг кв.км ни ташкил этади. Бу Буюк Британия ҳудудидан ҳам катта жой дегани.
Охирги 50 йилда иқлим ўзгариши туфайли тўфонлар хавфи ва сони бир неча баробарга ортган. Бу табиий офат бугунги кунда Ер юзида 300 миллион аҳолига хавф солаяпти. Иқлим ўзгараверса тўфонлар хавфи ва сони яна ошиши эҳтимоли бор.
Тадқиқотчилар раҳбари Роберт Уотсоннинг фикрларига кўра, одамзот онгли равишда, ҳар тарафлама ўз уйини вайрон қилмоқда, ўз соғлигига дахл қилмоқда.
Бу жараённи фақатгина одамзотнинг ўзи тўхтатиши мумкин. Аммо, бугунги кунда Ер юзидаги геосиёсий ва иқтисодий рақобат бунга изн бермайди.
Дунё мамлакатлари хоҳ улар юксак тараққий этган мамлакатлар бўлсин, хоҳ ривожланган, хоҳ ривожланаётган давлатлар бўлсин, бугун фақат ва фақат иқтисодий ва геосиёсий рақобат йўлида дунё океани ва қуруқликдаги экотизим ва биохилма-хилликни аёвсиз равишда таламоқдалар ва қурбон қилмоқдалар.
Тадқиқотчи олимларнинг хулосасига кўра, жараён шу тарзда кетаверса, Ер шарини яқин бир неча ўн йил арафасида улкан ҳалокатлар кутмоқда. Улар бунга асос қилиб Ер шаридаги экотизим ва биохилма-хиллик занжирдай бир-бирига боғлиқ эканини, агар ўша занжирнинг бир банди узилса, Ер юзидаги экотизим мутлақо ишдан чиқиши ва бунинг оқибати улкан ҳалокатларни келтириб чиқаришини келтирмоқдалар.