Ўзбек санъаткорлари нуфузли халқаро фестивалда, 2 минг йиллик қадимий театрда чиқиш қилади

Жорий йилнинг 14 сентябридан 1 октябригача 32-Халқаро Аспендос опера ва балет фестивали бўлиб ўтади. Туркиянинг Аспендос қадимий театрида ўтказиладиган тадбирда италиялик тенор Риккардо Масси ва россиялик сопрано Олга Маслова 2 минг йилдан ортиқ тарихга эга, римлик томошабинлар тўпланган қадимий театр саҳнасида чиқиш қилишади. Мазкур фестивал дунёдаги энг яхши сақланиб қолган қадимий амфитеатрни замонавий опера театрлари билан рақобатлашадиган юлдузлар тўпланган маданий масканга айлантиради.
Фестивалнинг энг ажойиб жиҳатларидан бири — Пуччинининг “Турандот”и ёки Вердининг “Травиата”си каби асарларни овоз кучайтиргичларсиз, энг охирги ўриндиқларгача, яъни 15 минг нафар томошабинга етиб борадиган ғаройиб акустикага эга жойда томоша қилиш имкониятидир. Тасаввур қилинг-а!?
Қадимий улуғворлик
Фестиваль 14 сентябрь куни Пуччинининг совуқ хитой маликаси ҳақидаги машҳур эртаги — “Турандот” операсининг ижроси билан очилади. Ушбу спектакль Анқара ва Анталия давлат опера ва балет театри томонидан саҳналаштирилган бўлиб, унда халқаро миқёсда таниқли опера юлдузлари — италиялик тенор Риккардо Масси ва россиялик машҳур сопрано Олга Маслова иштирок этади. Улар Рим империяси даврида машҳур бўлган бу қадимий театрда ҳайратомуз вокал маҳоратини намоён этишлари кутилмоқда.
27 сентябрь куни дунёга машҳур тенор Иван Магри Пуччинининг “Тоска” операсида бош қаҳрамон ролини ижро этади. Унинг халқаро майдонда эътироф этилган овози спектаклни нафақат мусиқий, балки ҳиссий жиҳатдан ҳам юракларга таъсир этувчи саҳна асарига айлантиради.
Фестиваль маданий кўприк қурилишига хизмат қилувчи ўзига хос лаҳза билан якун топади: Ўзбекистоннинг нуфузли Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри 1 октябрь куни Вердининг қалбларни ларзага солувчи “Травиата” асарини намойиш этади. Бу эса тарихий Аспендос амфитеатри саҳнасида камдан-кам учрайдиган халқаро ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Аспендос нимаси билан аҳамиятли?
Милодий II асрда қурилган Аспендос театри нафақат Туркиядаги энг яхши сақланиб қолган Рим даври театри, балки бутун дунёдаги Рим меъморчилигининг энг мукаммал намуналаридан бири ҳисобланади.
2003 йилдан бери Европа фестиваллари ассоциациясининг фахрий аъзоси бўлган ушбу фестиваль Европа ва бошқа минтақалардаги опера ҳамда балет ихлосмандлари учун ҳақиқий маданий зиёратгоҳга айланган.
Эътиборлиси шундаки, мураккаб овоз кучайтирувчи тизимларни талаб қиладиган замонавий саҳна майдонларидан фарқли ўлароқ, Аспендоснинг 2 минг йиллик меъморий дизайни овозни табиий равишда 15 минг нафар томошабингача етиб боришини таъминлайди. Бу — қадимий муҳандисликнинг ҳақиқий мўъжизаси бўлиб, ҳар бир ижро ва ҳар бир спектаклда ҳам ижрочиларни, ҳам томошабинларни ҳайратга солишда давом этмоқда.