Ўзбекистон ҳудудидан жазирама чекина бошлайди. Ой охирида ҳаво салқинлашади
"Ўзгидромет" хабарига кўра, 27 июлдан 29 июлгача Ўзбекистон ҳудуди атмосферадаги кучсиз ғарбий оқим ҳаракати таъсирида бўлади. Натижада республикада об-ҳавонинг ўртача иссиқ ва мамлакат ҳудудининг катта қисмида қуруқ бўлиши кутилмоқда.
Фақат Ўзбекистоннинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида, 28 июль сешанба куни эса Фарғона водийсининг текислик ҳудудида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 35-38 даража бўлади, айрим жойларда 40 даражагача етади.
30 июль куни Волгабўйи ҳамда Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудлари устида баландликдаги циклон шаклланиши кутилмоқда. У 31 июль куни ва августнинг биринчи кунларида бутун республика ҳудудидаги об-ҳавонинг шаклланишига таъсир кўрсатади.
31 июлда республиканинг барча вилоятларида айрим жойларга, 1-2 август кунлари тоғли ва тоғолди туманларга қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат 33-36 даражагача пасаяди, бу июль охири — августнинг боши учун хос бўлган иқлимий меъёрларга яқиндир.
Баъзи кунларда республика бўйича айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин.