Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округлари тузилди

Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округларини тузиш, сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларини рўйхатга олиш, Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалалар кўрилди.  

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссияси котибияти мудири Х.Тешаев маъруза қилди.  

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 10 майдаги қарори билан тасдиқланган Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режага мувофиқ мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.  

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.  

Шундан келиб чиқиб, мажлисда Марказий сайлов комиссияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги гувоҳнома (мандат)ни бериш ҳақида қарор қабул қилди.

Шунингдек, мажлисда 2023 йил 6 майдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни билан Сайлов кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди. 

Жумладан, маҳкумлар ва муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқларини таъминлаш, сайлов комиссиялари аъзоларига қўйилган талабларни аниқлаштириш, участка сайлов комиссияларининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан ишлаш масалаларига оид Марказий сайлов комиссиясининг 8 та қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.  

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикрлар, таклифлар билдирилди.