Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўлдирилиши ҳолати бўйича расмий муносабат

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Шишли туманида ватандошимиз вафоти тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилди.

Аниқланишича, 2026-йил 24-январ куни соат 19:40 атрофида Истанбул шаҳрининг Шишли туманида чиқиндилар орасидан буюм тўплаб юрган фуқаро контейнер ичида ўралган жасадни кўриб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган. Кўрик жараёнида жасаднинг бош қисми мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Бош консулхона томонидан маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-тиббий экспертиза маркази ҳамда прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида марҳуманинг шахси Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ҳакимова Дурдона экани тасдиқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 2 нафар фуқароси қўлга олинган. Улар Туркиядан Грузияга авиарейс орқали қочишга уринган вақтида ушланган.

Бош консулхона дипломатлари томонидан марҳуманинг оила аъзолари билан алоқа ўрнатилди ҳамда уларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича суриштирув жараёнлари Бош консулхона назоратига олинган.

Бош консулхона ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни расмий манбалар орқали тақдим этиб боради.

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Ташқи ишлар вазирлиги