Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 22 та ҳужжат имзоланди
Кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи якунланди. ташриф икки қардош халқларнинг ўзаро ҳамкорлиги янада мустаҳкамланаётгани билан аҳамиятли бўлди.
Масалан, Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияга имзо чекдилар.
Ҳужжатда қардош халқларнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсади ўз ифодасини топган.
Маросимда имзоланган яна бир муҳим ҳужжат яқин 5 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режасидир. Унда икки мамлакат тармоқлари ва ҳудудлари учун қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Давлат раҳбарлари ҳузурида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Божхона, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, фазовий маконни тадқиқ этиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасига доир ҳамда «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар шулар жумласидан.
Шунингдек, савдо, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари, суд-экспертлик фаолияти, мудофаа, бандлик ва фан соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича тегишли ҳужжатларга имзо чекилди.
Тошкент ва Туркистон вилоятлари, Тошкент ва Нур-Султон шаҳарлари, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган «йўл харита»лари қабул қилинди.
Қайд этилишича, кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланган.