Ўзбекистонда ер қаъридан 3 мингга яқин кон ва ноёб маъдан бор. Уларнинг қанчасидан фойдалана оляпмиз?
Бугунгача геологларимиз томонидан 100 га яқин хомашё турларини ўз ичига олувчи 3 мингга яқин кон ва истиқболли маъданлар аниқланди. Шундан 70 га яқин хомашё турлари саноат ва қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланилмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиёти минерал хомашё базасини мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришни, чет элдан валюта ҳисобига келтириладиган қисмини ўзимизда яратишни талаб этади. Бундай шароитда олдимизга замонавий илмий ғоялар асосида геология-қидирув ва конларни комплекс равишда ўзлаштириш (қазиб олиш техникаси ва технологияси, бойитиш ва қайта ишлаш) ишлари самарадорлигини оширишнинг янги услубларини яратиш ва такомиллаштиришдек мураккаб ва масъулиятли вазифалар қўйилган.
"Ингичка тажриба технология экспедицияси" (ИТТЭ) қазилма конларнинг технологиясини ўрганувчи асосий тажриба базаси ҳисобланади. Синов ўтказишдан олинган натижалардан геология қидирув ишларини техник иқтисодий асослашда, шунингдек, ўрганилган нодир, рангли, қора, камёб ва номаъдан қазилма конлари асосида саноат корхоналарини қуриш ва лойиҳалаш учун технологик регламентлар тузишда фойдаланилади.
Экспедиция ташкил бўлгандан (1973 йил) буён ИТТЭ базасида республикамиздан (олтин, кумуш, мис, темир, марганец, вольфрам ва бошқа), шунингдек, Россия (вольфрам таркибли Лермонтов кони, олтин таркибли Майский кони), Украина (олтин таркибли Береговский кони), Қозоғистон (барит таркибли Тюрюк кони), Тожикистон (олтин таркибли Покрут, Чоре ва Торор), шунингдек, Монголиядаги Уланский конидан жами 500 дан ортиқ турли маъдан намуналари лаборатория ва кичик саноат усулларида синовдан ўтказилди. Уларнинг барчаси бугун ишлаб чиқаришга жалб этилган.
Ўтган даврда бир қанча чет эл компаниялари билан ҳамкорликда синов ишлари ўтказилди. АҚШнинг “Ньюмонт ЛТД” компанияси билан ҳамкорликда Мурунтов карьери отқиндиларини ғарамлаб эритиш технологияси бўйича қилинган синов натижалари асосида “Зарафшан-Ньюмонт” қўшма корхонасига асос солинди. Англиянинг “Лонро” фирмаси билан ҳамкорликда ўтказилган синов натижалари бўйича “Амантайтау-Голдфилдс” қўшма корхонаси ташкил этилди. Шунингдек, Жанубий Африка Республикасининг “Дженкор” фирмаси билан ҳамкорликда олтин-сульфидли маъданларни биологик усулда бойитиш, Россиянинг “Тянь-шань тоғ-кон компанияси” ЁАЖ билан ҳамкорликда вольфрамм таркибли техноген конларни синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилди.
Бугунги кунда ташкилотимиз камёб металлар технологиясини яратиш устида жиддий изланишлар олиб бормоқда. Яқиндагина кимё саноати, металлургия, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш саноати учун, шунингдек, ёқилғи-энергетика манбаи сифатида қаралаётган юқори истиқболли хомашё - ёнувчи сланецлар кичик саноат усулида муваффақиятли синовдан ўтди. Республикамизда миллиардлаб тонна захирага эга бўлган бу хомашё нафақат углеводородлар (нефть ва газ маҳсулотлари) манбаи, балки юқори металл ташувчанлиги билан чет эллардаги ёнувчи сланецлардан жуда катта фарқ қилади. Синов давомида ёнувчи сланец кулларидан бир нечта металларни ажратиб олиш мумкинлиги исботланди.
Эшонқул Хушбоқов,
Каттақўрғон шаҳридаги "Ингичка тажриба технология экспедицияси" бош технологи.