Ўзбекистонда ҳар 100 километрга биттадан электромобиллар учун қувватлаш станциялари ўрнатилади
Megavatt Motors ва Экология давлат қўмитаси Ўзбекистонда яшил транспортни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга кўра, 2022-2023 йилларда Тошкент шаҳрининг барча туманлари ва вилоятлар марказларида электромобилларни қувватлантириш шохобчалари ўрнатилади.
Станциялар бутун Ўзбекистон бўйлаб ўрнатилади. "Электр ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳар 100 километрда туради", деб ваъда қилмоқда Megavatt Motors. Тахминий харажатлар 500 минг долларни ташкил этади, компания ҳаммасини ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди.
Шу тарзда энди Ўзбекистон учун Plugshare харитасида 42 та электр станцияси мавжуд деб кўрсатилмоқда. Улардан 22 таси пойтахтда, 4 таси Тошкент вилоятида жойлашган. Самарқанд, Қарши, Наманган, Қўқон, Фарғона ва Навоий вилоятида ҳам станциялар кўрсатилган.
Бундан ташқари, Экология давлат қўмитаси давлат органлари ичида биринчилардан бўлиб ўз паркида электромобилларга босқичма-босқич ўтишни бошлади.