“Ўзимдан бошқа ҳеч ким сезмайди” қабилида иш тутаётганлар адашмоқда

Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, элу юрт фаровонлигига ҳисса қўшаман деган ғайратли инсонлар учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Лекин белгиланган тартиб-қоидаларни четлаб ўтиб, шахсий манфаати йўлида қонун талабларига бўйсунмасдан, инсофли солиқ тўловчи бўлишни заррача хаёлига келтирмайдиганлар ҳам учраб турибди. Бу тоифадагиларнинг хатти-ҳаракатлари эса давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида фош бўлмоқда.

Ноқонуний фаолият юритишни ўзига касб қилганлар психологиясида “Мен қилаётган ишларни ўзимдан бошқа ҳеч ким сезмайди”, деган қараш бўлар экан. Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, уларнинг ҳам кирдикорлари очилиб қолиши тайин. Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар давомида шундай тоифадаги ноинсоф “тадбиркорлар”нинг фаолиятига чек қўйилмоқда.

–    Назорат тадбирлари давомида “S.M.I” оилавий корхонасининг умумий овқатланиш шохобчасида ноқонуний, тегишли тартибда лицензия олмасдан алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланди – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Шамил Муталибов. – Натижада умумий қиймати 8 474000 сўмлик 7 турдаги 150 литр ароқ маҳсулотлари вақтинчалик сақлаш учун олиб қўйилди. Якка тартибдаги тадбиркор У.Ш тамаки маҳсулотлари савдоси билан тегишли ҳужжатсиз шуғуллангани маълум бўлди. Унга тегишли савдо дўконида мавжуд бўлган 11 турдаги жами қиймати 1 66 1500 сўмлик 167 қути тамаки маҳсулотлари олиб қўйилганини таъкидлаш жоиз.

Жорий йил июль ойининг ўтган даврида вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида натижасида 14 та ҳолатда тамаки ва 26 та ҳолатда алкоголь маҳсулотлари билан савдо қилиш тартибларини бузилганлиги аниқланиб, жами 17 311 000 сўмлик алкоголь ва 18 646 000 сўмлик тамаки маҳсулотлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Умид Алимов,

Самарқанд вилояти давлат

Солиқ бошқармаси матбуот хизмати ходими.