Паст Дарғомда махсус саноат зонаси ташкил этилади

Вилоятимизда ишга солинмаган имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини жадал ривожлантириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш ва шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, янги даромад манбаларини яратиш мақсадида шу йилнинг 29 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини  янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарорда вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, 2025 йилда умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар доирасида 3,6 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш, 320 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ва 850 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспортини амалга ошириш, вилоятга 5 миллион маҳаллий ва 2,5 миллион хорижлик туристни жалб қилиш белгиланди.

Қарорга кўра, Паст Дарғом туманидаги  “Чимбойобод” массивида туман ҳокимлиги захирасидаги, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 234,3 гектар ер майдонида “Пастдарғом” махсус саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилади.

Махсус саноат зонасининг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йил этиб белгиланган.

“Пастдарғом” махсус саноат зонаси жойлашаётган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонасига ажратиб берилиб, шартнома асосида махсус саноат зонасини бошқариш мақсадида хорижий ва маҳаллий инвесторлар муассислигидаги масъулияти чекланган жамиятлар шаклида бир ёки бир неча бошқарув компаниялари ташкил этилади.

Қарорда махсус саноат зонасининг фаолиятини мувофиқлаштириш, унинг ҳудудини бошқарув компаниялари ўртасида тақсимлаш, инвестиция лойиҳаларини саралаб олиш ва жойлаштириш вилоят ҳокими билан келишилган ҳолда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” ДУК ва бошқарув компаниялари томонидан амалга ошрилиши белгиланган.

Махсус саноат зонасида фармацевтика, электротехника, тўқимачилик, чарм-поябзал, кимё саноати, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш каби йўналишларда замонавий, энергия тежовчи ва юқори технологияли лойиҳалар амалга оширилади. Қиймати камида 500 миллион АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Шунингдек, бош режага асосан махсус саноат зонаси ҳудудида тайёр ишлаб чиқариш бино-иншоотларини қуриш ва ижарага бериш учун алоҳида лотлар белгиланади ва электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.

Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, 2025 йил 1 январдан бошлаб, эркин иқтисодий, ёшлар ва саноат зоналарида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун аукцион орқали ер ижарага олинганда ижара тўловлари лойиҳа ишга тушгунга қадар, бироқ 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга тўлашни кечиктириш тартиби жорий қилинади.

“Пастдарғом” махсус саноат зонаси бошқарув компанияларини ташкил этиш мақсадида хорижий ва маҳаллий инвесторларни ҳамкорликка чорлаймиз.

Жамшид ҲАЙДАРОВ,

вилоят ҳокимининг ўринбосари – “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари.