Паст Дарғомдаги трассада яна бир киши автоҳалокат қурбони бўлди: Айнан шу ҳудудга неча ойлардан бери светофор қўйиш сўралаётганди
Светофор қўйиш борасидаги хатларни эътиборсиз қолдирган ташкилот судга берилиши айтилмоқда.
21 май куни туманнинг Оқолтин маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида бир кишини машина уриб кетиб вафот этди. Бу ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Чунки айнан мана шу ҳудудга нафақат аҳоли, балки вилоят кенгаши депутати ҳам светофор қўйиш зарур экани ҳақда ёзма равишда мутасаддиларга мурожаат қилгани ойдинлашди.
Жумладан, вилоят кенгаши депутати Шоҳрух Жўрақулов Паст Дарғом тумани ИИБ бошлиғи М.Қўзиевга шу йилнинг 29 март куни масала юзасидан хат юборган.
Аммо ҳозирги кунга қадар масала ҳал этилмаган ва навбатдаги фожиа содир бўлган.
Zarnews.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Паст Дарғом туман ҳокимлигига боғланди. Маълум бўлишича, туман ИИБ депутатлик сўровидан кейин икки кун ўтиб, жорий йил 1 апрель куни айнан светофор ўрнатиш масаласида Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарига ёзма кўрсатма йўллаган.
Аммо бу хат натижасиз қолган. Холбуки, хатда мазкур ёзма кўрсатманинг муддати 20 кун деб белгиланган бўлган. Ҳокимлик ахборот хизматининг Zarnews.uz`га маълум қилишича, ИИБ томонидан Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонасига нисбатан ёзма кўрсатманинг ижроси ўз вақтида бажармаганлиги учун маъмурий баённома тузилиб, чора кўриш учун судга юбориш чоралари кўрилмоқда.
Албатта, тез орада ўз вақтида Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси ҳам ўз муносабатини маълум қилар, фожиа содир бўлган кўчада нега светофор шу вақтгача қўйилмагани ойдинлашар. Аммо факт шуки депутат ва аҳоли вакилларининг мурожаатларига қарамасдан кечиктирилган иш бир инсоннинг ўлими билан якун топди.
Zarnews.uz бу бўйича кузатувларини давом эттириб, воқеалар ривожи ва суд қарорини ҳам эътиборингизга ҳавола этади.