Патронат (тутинган) оила қандай ташкил этилади?

Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбиялаш (патронат)га олишнинг ҳуқуқий меҳанизмлари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 171-сонли қарорининг 3-иловаси билан тасқдиланган Низомга мувофиқ амалга оширилади.
Қонунчилигимизга кўра, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларга таъминот, тарбия ҳамда таълим бериш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида биринчи навбатда бу тоифадаги болалар оилага, бундай имконият бўлмаган тақдирда тарбия, даволаш муассасалари (болалар уйи, болалар шаҳарчаси, меҳрибонлик уйи)га жойлаштирилиши белгиланган.
Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг шакллари:
- васийлик (14 ёшга тўлмаган болалар);
- ҳомийлик (14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар)
- патронат (оилага тарбиялашга олиш)
- фарзандлик
- тарбия, даволаш муассасалари (болалар уйи, болалар шаҳарчаси, меҳрибонлик уйи)га жойлаштириш каби 5 та йўналишдан иборат.
Бироқ бугунги кунда сўнгги чора сифатида қўлланилиши лозим бўлган бешинчи йўналиш, яъни болаларни меҳрибонлик уйи, болалар уйига жойлаштириш кўпайиб бормоқда. Бу билан болаларнинг оилада ўсиш ҳуқуқи бузилмоқда. Оқибатда бола интернат типидаги муассасаларда тарбияланиб битиргандан сўнг жамиятга ижтимоий мослашувида жуда кўплаб муаммоларга дуч келмоқда.
Шунинг учун ҳам етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбиялаш (патронат)га бериш энг мақбул йўл ҳисобанади.
Қайси болаларни оилага тарбиялаш (патронат)га олиш мумкин:
- ота-онаси вафот этган;
- ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган;
- ота-онаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;
- ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган;
- ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар муассасалари ёки тиббий муассасалардаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган;
- ота-онаси тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасасидан ва бошқа муассасалардан боласини олишдан бош тортган;
- ота-онаси бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилинган болалар оилага тарбиялаш (патронат)га олиниши лозим бўлган болалар сифатида васийлик ва ҳомийлик органларида ҳисобга олинади.
Қисқа қилиб айтганда, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган етим болалар, шу жумладан, тарбия ва даволаш муассасалари (болалар уйи, меҳрибонлик уйи)да, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар.
Патронат (тутинган) оила қандай ташкил этилади?
Тутунган оиладаги болаларнинг умумий сони, ўз болалари ва тарбиялаш (патронат)га олинган болалар билан биргаликда қоидага кўра, 8 нафардан ошмаслиги керак.
Болаларни оилага тарбияга олиш ихтиёрий бўлиб, у халқ таълими бўлимлари қошидаги васийлик ва ҳомийлик органлари билан болани олиш истагини билдирган шахслар ўртасида тузилган келишув (битим) асосида амалга оширилади.
Болани (болаларни) оиласига тарбиялаш (патронат)га олишни хоҳловчи ҳар икки жинсдаги вояга етган шахслар ўз яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига тутинган ота-оналар сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги илтимос билдирилган аризани берадилар.
Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:
- никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);
- иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;
- соғлиғи тўғрисида тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари;
- санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқидаги, ижара (ижарага олиш) шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;
- меҳрибонлик уйлари қошида ташкил этилган “Тутинган ота-оналарни тайёрлаш ўқув курси”да ўқиганлиги тўғрисидаги серификат.
Ариза беришда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат кўрсатилади.
Васийлик ва ҳомийлик органи ариза берилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида оиланинг турмуш шароитларини, болаларни тарбияга олишни истаганларнинг моддий таъминланганлик ҳолатини текширади, текшириш далолатномасини тузади ва текшириш далолатномаси асосида уларни ҳисобга қўяди.
Тутинган ота-оналарни танлаш васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.
Васийлик ва ҳомийлик органи тутинган ота-оналар билан келишув тузилишигача болани тарбияга олаётган оиланинг турмуш шароитларини ўрганиб чиқиши ва ушбу оила аъзолари соғлиғининг аҳволи ҳақида маълумотлар тўплаши шарт.
Ҳисобга қўйиш рад этилган тақдирда ариза берувчига барча ҳужжатлар қайтарилади ва қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган тартибда ҳисобда турган шахс васийлик ва ҳомийлик органларида ҳисобда турган ва ота-оналар қаровисиз қолган, шу жумладан, тарбиялаш ва даволаш муассасаларидаги, шунингдек, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидаги вояга етмаган болаларнинг дастлабки танлаб олинишини амалга ошириши мумкин бўлади.
Тутинган ота-она тарбиясига олган болага нисбатан васийлик ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади.
Кимлар тутинган ота-она бўлолмайди?
- суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
- суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган шахслар;
- қасддан қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар;
Болаларни оилага тарбиялаш (патронат)га олиш тўғрисидаги келишув қандай расмийлаштирилади?
Болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилиш тўғрисидаги битим васийлик ва ҳомийлик органлари билан титинган ота-оналар ўртасида тузилади.
Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувда тутинган ота-она тўғрисида маълумотлар (яшаш жойи, паспорти, оилавий шароити), болани таъминлаш шароитлари, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, тутинган ота-оналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, васийлик ва ҳомийлик органларининг тутинган оилага нисбатан мажбуриятлари, шунингдек, бундай келишувни бекор қилиш асослари ва оқибатлари кўрсатилади.
Оилага тарбиялаш (патронат)га олинган бола учун кийим-бош ва пойабзал сотиб олиш учун ҳамда тутинган ота-онага нафақа тўлаш тўғрисидаги буюртмалар васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тутинган ота-она иштирокида шакллантирилади ва халқ таълими бошқармасига тақдим этилади.
Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув муддатидан олдин қуйидаги сабаблар бўлганда тутинган ота-онанинг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин:
- касаллиги;
- оилавий ёки мулкий мавқенинг ўзгариши;
- болалар билан ўзаро бир-бирини тушунмаслик ва бошқалар.
Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув васийлик ва ҳомийлик органининг ташаббуси билан ёки болалар ота-оналарга қайтарилган ёхуд улар фарзандликка олинганда муддатидан олдин бекор қилиниши ҳам мумкин.
Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувларни тўхтатиш тўғрисидаги низолар суд тартибида ҳал қилинади.
Тарбияга берилган болаларнинг моддий таъминоти
- тарбиялаш учун оилага берилган болалар ҳар йили бир марта кийим-бош ва пойабзал билан таъминладилар;
- болани оилага тарбияга олган тутинган ота-онага қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда (ҳозирги кунда ҳар бир бола учун 877.400 сўм) ҳар ойда нафақа тўлаб турилади;
- бунинг учун зарур бўлган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли қарорлари асосида харажатлардан орттириб қолинган захира маблағлар ҳисобидан молия бошқармалари томонидан ажратилади ва халқ таълими бошқармалари орқали тутинган ота-оналарга тўлаб берилади.
Оилага тарбияга олинган болаларнинг ҳуқуқлари
- оилага тарбияга берилган болалар ўзларига тегишли бўлган алимент, шунингдек, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни олиш;
- уй-жойга бўлган мулк эгалиги ёки уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи;
- қонун ҳужжатларига мувофиқ уй-жой олиш ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.
Оилага тарбиялаш (патронат) учун берилган болаларга қонун ҳужжатларида ота-оналар қаровисиз қолган болалар учун назарда тутилган барча имтиёзлар татбиқ этилади.
Оилада ўз манфаатига дахлдор ҳар қандай масала ҳал қилинаётганида бола ўз фикрини билдиришга ҳақлидир.
Тутинган ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Тутинган ота-она тарбияга олинган болага нисбатан васий ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга. Яъни, ўз қарамоғидаги шахсларнинг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ва улар номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузадилар. Улар ўз қарамоғидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда кўмаклашадилар, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари учинчи шахслар томонидан суиистеъмол этилишидан ҳимоя қиладилар.
Шунингдек, тутинган ота-оналар оилага тарбиялаш (патронат)га олинган болага кийим-бош ва пойабзал сотиб олиш учун ажратилган маблағнинг сарфланиши бўйича (харид чекларини) йилнинг 15 ноябрь кунига қадар васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этадилар.
Болаларни тарбияга олган шахслар ўз ҳуқуқларидан ғаразгўйлик ёки бошқа ниятларда, тарбиясидаги болаларга зарар келтирган ҳолда фойдалансалар, шунингдек, уларни назоратсиз ҳамда зарур моддий ёрдамсиз қолдирсалар, васийлик ва ҳомийлик органлари болаларни тарбияга олган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини қўзғатишга ҳақлидир.
Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини кузатиб боради.
О.ОЧИЛОВ,
вилоят халқ таълими бошқармасининг болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш шўьбаси мудири.