Пайариқдаги боғчаларда болалар гўштсиз овқат ейдими?

Пайариқнинг Тўполос маҳалласидаги 31-мактабгача таълим ташкилоти 30 йилдан бери мослаштирилган бинода фаолият юритмоқда. Бинонинг қурилганига ярим асрдан ошган бўлиб, дастлаб амбулатория сифатида фойдаланилган. Кейинчалик боғчага айлантирилган.

Иллюстратив фото

Бино 10 та кичик-кичик хоналардан иборат. “Илк қадам” давлат дастури асосида бурчаклар қилинган, мебеллар билан жиҳозланган, аммо болаларнинг турли спорт ва бошқа ўйинлар билан шуғулланиши учун махсус майдончалар йўқ.

-  2018 йилда туман мактабгача таълим бўлими томонидан 40 та ётоқ мебели ва стол-стуллар берилди, - дейди боғча мудираси Нодира Норбўтаева. – Қиш келиши билан хоналаримиз совиб кетади. Учта хонани печ ёқиб иситамиз.

Ошхона ҳам кичикроқ хонада жойлашган. Синамаларни кўздан кечирганимизда, бугунги таомнома асосида қилинган овқатларда гўшт йўқлиги, ўрнига тухум берилаётгани гувоҳи бўлдик.

Мудиранинг айтишича, омборхона мудири гўшт олиб келишга кетган. Савол туғилади – мутасаддилар гўшт тугаганини наҳотки, шу куни сезиб қолишган? Ахир, озиқ-овқат захираси аввалдан тайёрлаб қўйилмайдими?