Президент 2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади
“2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 5 декабрда кабул килинган ва Сенат томонидан 2025 йил 18 декабрда маъқулланган.
Ушбу Қонуннинг мақсади 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунга кўра, 1-даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ушбу қонунга мувофиқ ажратиладиган бюджет маблағларидан фақат 2026 молия йили давомида фойдаланилади ва улар келгуси молия йилига ўтказилмайди.
2026 йил учун қуйидагилар тасдиқланди:
- мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари;
- товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкалари;
- чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимларнинг ставкалари.
2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланди.
Ушбу Қонун 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.