Президент Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиевни тақдирлади

Бугун, 6 декабрь куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиевнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. 

Унда Президентнинг давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Президентнинг давлат маслаҳатчиси ўринбосари Абдурашид Жўрабоев, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда санъат ва маданият соҳаси вакиллари иштирок этди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Хайрулла Саъдиевни "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди ва устоз санъаткорга ушбу юксак мукофот тантанали топширилди.

Маълумот ўрнида: халқимизнинг севимли актёри Хайрулла Саъдиев 1940 йил 6 декабрда Тошкентда таваллуд топган. 1963 йилда Ўзбекистон давлат театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1980 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”,  1990 йил “Ўзбекистон халқ артисти”  унвонлари билан тақдирланган. 2005 йил эса  "Меҳнат шуҳрати" орденининг соҳиби бўлди.

Хайрулла Саъдиев театр саҳнасида “Ревизор”,  “Этик кийган мушук”,  "Шум бола" каби ўнлаб спектаклларда ролларни ижро этди. Шунингдек, "Тўйлар муборак", "Чинор", "Алпомиш", "Чашма", “Ўтов”, “Шайтанат” каби кўплаб бадиий фильмларда яратган образлари орқали минглаб мухлислар олқишига сазовор бўлган.