Профессор Ҳотам Умуров 84 ёшида вафот этди
Таниқли адабиётшунос-олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Ҳотам Умуров вафот этди.
1942 йил 10 январда Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилди. 1964 йилда СамДУ филология факультетини тугатиб, кейин Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида ўқиди. У 1971 йилда адабий танқид мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди ва Самарқанд давлат педагогика институтида мураббийлик фаолиятини бошлади.
Ҳотам Умуров 1971 йилдан 1993 йилгача Самарқанд давлат педагогика институтида ўқитувчи, ўзбек адабиёти кафедраси мудири (1971-1991), доценти (1973-1986), ўзбек филологияси ва чет тиллари факультети декани (1991-1993) лавозимларида фаолият юритди. Олим 1984 йили «Психологизм муаммоси ва ўзбек романи» мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1986 йилда профессорлик унвонига эришди. 1993-1998 йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети ҳозирги замон ўзбек адабиёти кафедрасининг профессори, 1999 йилдан 2014 йилгача кафедра мудири вазифаларида фаолият кўрсатди.
2014-2025 йилларда профессор лавозимида ишлади ҳамда сўнгги нафасигача таълим ва илм-фан жабҳасида бўлди.
Олим томонидан эълон қилинган 300га яқин илмий ишларда адабиёт назарияси ва адабий танқидчилигимизнинг долзарб масалалари тадқиқ этилган.
Профессор Ҳотам Умуров педагогик фаолияти, олий ўқув юртлари ва академик лицейларда адабиётшунослик фанларини ўқитишдаги хизматлари Республика ҳукумати томонидан муносиб тақдирланган. 1982 йилда унга «Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси», 2000 йилда «Самарқанд давлат университетида хизмат кўрсатган профессор» унвони ҳамда 2016 йилда унинг 50 йиллик илмий-педагогик фаолияти давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони берилган эди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этади.