Прокуратура тадбиркорлик ривожланиши тарафдори

Вилоят прокуратураси томонидан тадбиркорларга кўмак кўрсатиш штаблари орқали жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг 1000 дан ортиқ муаммолари ҳал этилган.

Жумладан, уларнинг 323 та кредит, 14 та ер, 8 та бино ажратиш, 464 та коммуникация тармоғига уланиш, 19 та лицензия ва рухсатнома расмийлаштириш, 242 та бошқа масалаларида амалий ёрдам кўрсатилган. Натижада, 895 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланиб, 2000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.


Бу ҳақда вилоят прокуратурасида ОАВ вакиллари, блогерлар ва тадбиркорлар иштирокида ташкил этилган семинарда вилоят прокурори ўринбосари Ж. Юлдашев маълумот берди.

Мисол учун, Жомбой туманидаги «ANISA FAYZ» МЧЖга янги қурилган бино-иншоотларини фойдаланишга қабул қилиш, «Amin Invest International» МЧЖга айланма маблағларни тўлдириш учун 500 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишга кўмаклашиш натижасида корхоналарнинг молиявий ҳолати яхшиланиб, қўшимча 300 та ишчи ўрни яратилган.

Самарқанд туманидаги «AMON-BOBO» фермер хўжалигининг хомашё етишмаслиги сабабли фаолияти тўхтаб қолганлиги аниқланиб, хомашё сотиб олиш учун 520 минг доллар миқдорида кредит ажратилиши таъминланган.

Тадбиркорлик субъектларига электр энергияси етказиб беришдаги асоссиз узилишлар ўрганилиб, 9 та тўқимачилик корхонасининг электр энергияси учун олдиндан тўланган 3,8 миллиард сўм тўловлари қайтарилиши таъминланиб, корхоналар молиявий соғломлаштирилди.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси вилоят бошқармаси мансабдор шахслари томонидан 27 та саноат корхонаси раҳбарларига нисбатан тузилган маъмурий баённомалар бекор қилиниб, 67 миллион сўм маъмурий жарималар тадбиркорлик субъектларига қайтарилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан жорий йилнинг 9 ойида тадбиркорлик фаолиятини текшириш тартибини бузиш билан боғлиқ 42 та ҳолат аниқланиб, 14 та тақдимнома киритилди, 55 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 800 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 3 сентябрь куни ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар янада жадаллаштирилиб, қисқа муддат ичида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, биргина Ургут туманида фаолият олиб бораётган саноат корхоналарининг мавжуд муаммолари бирма-бир ўрганилганда, 30 та тадбиркорнинг 35 та муаммоси борлиги аниқланди ва бугунгача уларнинг 16 та муаммоси бартараф қилинди.

Мисол учун, “Қаҳҳор ота агро сервис” МЧЖнинг табиий газ ва электр энергиясига уланиш, қуриб битказилган биносининг кадастр ҳужжатларини шакллантириш, божхона омборида турган маҳсулотларини реализация қилишдаги муаммолари бартараф этилиши натижасида корхона фаолияти тикланиб, 250 нафар фуқаро ишга қабул қилинди. “Isnur Qutlan Tekstil” МЧЖга 200 минг АҚШ доллари, “Farzona bonu Plast” ҳамда “Zeki Pack” МЧЖларга 3 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилиши таъминланди. “Элит софт Продукт” МЧЖнинг кадастр ҳужжатини расмийлаштиришдаги муаммолари бартараф этилиб, 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилди ва 40 та янги иш ўрни яратилди.

Пайариқ туманидаги “Сам Теч” МЧЖга Имом Бухорий МФЙда қурилган кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида ташкил этилган умумий овқатланиш муассасаси ва меҳмонхонасининг кадастр ҳужжати расмийлаштирилди ҳамда фаолиятини кенгайтириш учун банкдан 3 миллиард сўм кредит ажратилишига амалий ёрдам берилди. Ҳозирда ушбу объект ишга туширилиб, маҳаллий ва хорижлик меҳмонларга хизмат қилмоқда.

Тумандаги “Азиз Она Зулайҳо” МЧЖга “Навобод Наслли парранда” МЧЖ томонидан 750 миллион сўмлик товуқхона биноси қуриб берилиши натижасида 3 та янги иш ўрни яратилиб, тадбиркор ҳар ойда 15 миллион сўм соф даромадга эга бўлмоқда.


Ўктам Худойбердиев.