Пул миллат ғурури, давлатнинг рамзи 

Пул сизу бизнинг шахсий буюмимиз эмас, у миллатимиз ғурури. 

Афсуски, кейинги пайтларда тўй-ҳашамларда пулни сочиб, оёқости қилаётган кишилар ҳам учрамоқда. Тўқликка шўхлик қилаётган бу бойваччаларни кўрнамак деб атаган бўлардим. 

Ҳар ойнинг белгиланган санасида пенсия пули олиб турамиз. Йирик-йирик суммалик пул олар эканман, улар ёнида бир даста минг сўмлик купюралар ҳам тушиб қолди. Уйга келиб пулларимнинг саранжомини олишимда ўша минг сўмлик қоғоз пулларнинг сийқаси чиқиб ғижимланганига ҳайрон қолдим. Буниси етмагандек пулларнинг устига кишиларнинг исм-шарифлари, юракнинг расми, турли белгилар, ҳатто телефон рақамлари ёзиб ташланган эди. Одамларда пулга бўлган муносабат шу даражага етганидан афсусландим.

Европа мамлакатларида, жумладан, Германияда немис халқи қоғоз пулни ниҳоятда эъзозлайди. Пул аслида қандай бўлса, шундайлигича сақлашга ўрганишган. Пулни буклаш, синдириш, ёзиш бу халқ учун ўта маданиятсизлик ҳисобланади. Пулга бўлган муносабатни улар пулда кўришади.

Япония, Хитой ва Корея мамлакатларида ҳам пулга ҳурмат билан қарашади. Пулни кир қилмасликка одатланишган. Баъзи давлатларда пулга ёзиш жиноят ҳисобланар экан.

Ҳар қандай пулни тоза, асл ҳолида сақлайдиган кишилар орамизда бор, албатта. Буни инкор этмоқчи эмасман. Ўзим гувоҳ ҳам бўлганман. Пулни ҳамёнда тахтланган жойидан авайлаб суғуриб оладиганларни, рахини бузмасдан ишлатадиганларни кўрганман. Уларга ҳавас билан қарайман. Аслида маданиятли кишилар шундай қиладилар. Буни ўрганишимиз керак.

Набираларимни ҳозирданоқ оддий оқ қоғозни ҳам букламасликка, синдирмаслик, кераксиз нарсаларни ёзмасликка, ҳар доим китоб, дафтарни тоза тутишга даъват этаман.

Бунинг мевасини кўраман ҳам. Ҳатто 3-5 ёшли набираларим китобларнинг суратларини томоша қилади, аммо йиртмайди, бўямайди. Биз-чи, азизлар. Ҳар қандай қоғозни, айниқса миллат виждони ҳисобланадиган пулни қачон ҳурмат қилишни ўрганамиз?

Файзулла ИСМОИЛОВ,

меҳнат фахрийси.