Қабртош обрў кeлтирадими?
Биламан, бу ҳақда кўп гапирилган ва ёзилган. Ҳарқалай, озроқ бўлса-да, натижага ҳам эришилди. «Дафн ва дафн маросими тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Қабристонларга қоровул штати берилгач ва атрофини девор қилиб ўраб олишга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилгач, бу ерда анча-мунча ўзгариш бўлди.
Бироқ ҳали қабрларга тош ўрнатишда миллий менталитетга мос келадиган жараёнга эришмадик. Тўғри, Самарқанд шаҳридаги қабристонларда тош қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси талаблари илиб қўйилган, аммо ободончилик бошқармалари томонидан якка тадбиркор бўлган тош йўнувчилар фаолияти етарли даражада назорат қилинмайди. Шу сабабли айрим ҳолларда қабрларга белгиланган меъёрдан катта тошлар қўйилиши кузатилмоқда.
Олимларнинг аниқлашича, Самарқанд шаҳридаги “Чокардиза” қабристонига 4 минг нафарга яқин шайхлар, шайхсифат инсонлар дафн этилган. Лекин бирортасига катта қабртош ўрнатилмаган, ҳаммасининг қабри устига кимга тегишлилигини билдириш учун қайроқ тош қўйилган. Қайроққа эса исм-шарифи ва ибратли сўзи ёзилган. Турли давраларда вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқуловнинг шу мавзудаги суҳбат ва изоҳларини эшитганмиз. У кишининг айтишича, Ислом динида қабрларга мармар тош қўйиш, тошга Қуръон сураларини ёзиш ман этилган, уни лой билан суваш эса макруҳ эмас. Бинобарин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъатида ҳам «Қабрга дафн этилган кишига белги бўладиган миқдорда ёзиш жоиз, лекин ундан ортиқ ёзиш жоиз эмас», дейилган экан.
Яхши маълумки, қабрларга тош ва темирлар ўрнатиш Русия империяси истилоси даврида бизда ҳам удумга айланди. Минг афсуски, биз удумда христианлардан ўтказиб юбордик. Қабристонлардаги мармарларни кўрган киши бу гапни инкор эта олмайди. Бошқа мусулмон давлатларидаги қабристонларда ўрнатилган қатъий тартиб-қоидалар ҳам кўзимизни очмаяпти. Ҳатто ўзимизнинг алломамиз Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратларининг “Кўкча” қабристонидаги сомон лой билан сувалган оддий қабри ҳам бизга ибрат бўлмаяпти.
Хизмат юзасидан оилаларда кўп воқеаларга гувоҳ бўлдим. Тириклигида кекса ота-онасини бориб кўришга, дуосини олишга ҳафсала, эътибор топмаган айрим фарзандлар улар оламдан ўтгандан кейин кўпчиликка мақтаниш учунгина улар қабрига қимматбаҳо тошлар қўяди, ресторанга тумонат одам чақириб, ифторлик қилади. Умуман, менимча қабристонлардаги қимматбаҳо, тағин суратли ва улкан қабртошлар уни қўйган одамнинг шуҳратпарастлигидан бошқа нарса эмас. Айримлари мармардан қабр устига айвонлар қурдирган. Мабодо эътироз билдиргудек бўлсангиз, улар «Нафсониятимга тегманг, ота-онамга ҳурматим бу», деб иддао қилишади. Ўзлари шу ҳаракатлари билан миллий қадриятимиз нафсониятига тегаётганини билишни исташмайди.
Келинг, оқилона ўйлаб кўриб, хулоса чиқарайлик. Агар мана шу ишлар муқаддас динимизда ман қилинган бўлса, бизга ўхшаган давлатларда йўқ бўлса, бундан ташқари, турмуш тарзимизга мос тушмаса, қимматбаҳо ва ҳашамдор қабртош қўйиш шуҳратпарастлик эмасми?
Биламан, бу жуда нозик масала. Шунинг учун тегишли қонун ва тартиб-қоидаларга амал қилишни талаб этиш баробарида одамлар ўртасида мазкур масалада маърифий ишларни мунтазам йўлга қўйиш керак, деб ҳисоблайман. Чунки бир пайтлар қўйилган ҳашаматли қабртошлар ҳалигача бошқаларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг баробарида қабртош ясаётган тадбиркорлар масъулиятини ҳам ошириш зарур.
Ўтганларни йўқлаш, руҳини шод этиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Бироқ бу иш оила даврасида, суҳбатларда уларнинг яхши фазилат ва ишларини эслаш орқали улар ҳақига дуо қилиб амалга оширилиши керак. Ҳашаматли, қимматбаҳо қабртошлар эса марҳумлар руҳини шод қилмайди, шуҳрат ҳам келтирмайди.
Суҳроб Хўжаев,
Самарқанд шаҳридаги Юқори Қайнама маҳалласи раиси.