Қабристонни қачон тозалайсиз?

Ўтганларни эслаб туриш, қабрини зиёрат қилиб, озода тутиш, ҳақларига дуо қилиш халқимизга хос қадриятлардан саналади.

Оқдарё туманида ҳам бу борада хайрли ишлар амалга ошириляпти. Бироқ ҳамма жойда бирдек ҳолат кузатиляпти, деб бўлмайди.

- Бошқармамизда 52 нафар ишчи ишлайди, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Н.Ҳасанов. - Туманимиз бўйича қарийб 81 минг квадрат метр супуриб тозаланадиган майдон бор. Ходимларимиз бу майдонларни тўлиқ ободонлаштиришга жисмонан улгуролмайди. Шунинг учун туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудудларни ободонлаштириш ишларига 34 маҳалладаги ишсиз ёшларни мавсумий ишларга жалб этишни режалаштирганмиз. Маҳаллаларда тузилаётган бу ёшлар бригадасига бошқармамиз ходимларини етакчи сифатида бириктирамиз. Улар бригадаларда бажарилган юмушларни доимий назорат қилиб боради. Мавсумий ишчиларнинг ойлик маоши туман бандлик бўлими томонидан, туман бюджети ҳисобидан ойма-ой тўлаб борилади. Шунингдек, туманимизда 116 та қабристон мажуд бўлиб, уларда 98 нафар қоровул ҳамда 8 нафар назоратчи тайинланган. Қабристонлар атрофини девор билан ўраш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.

Янгиравот-1 маҳалласидаги "Доумсаид" қабристони ҳудуди 4 гектар. Бу ерда ободонлаштириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилган. Гулхоналар ташкил қилиниб, шинам айвон, таҳоратхона ва қоровулхона бунёд этилган.

Учтепа маҳалласи ҳудудидаги "Тепақўрғон" қабристонида эса бунинг аксини кўриш мумкин. Гарчи ўтган йили қабристон атрофи девор билан ўралиб, кириш қисмига дарвоза ўрнатилган бўлса-да, ҳудуди ва атрофи яқин вақт ичида бегона ўтлардан тозаланмаган. Зиёратга келганлар учун қулай шароит яратилмаган.

Бахтиёр МУСТАНОВ.