“Қанд”ни оширсангиз, ҳаловатингизни йўқотасиз

Вазнингиз ҳақида маълумотга эгамисиз? Жуда кўп хасталиклар илдизи стрессга бориб тақалишини биласизми? Нега йилдан йилга қандли диабет билан касалланганлар сони ортиб боряпти? Ҳар ойда 10-12 нафар болалар шу касалликка чалиняпти, нега?

Саломатлик билан боғлиқ бу саволларга жавобингиз бўлиши жуда муҳим.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ва тиббий кўрик ўтказилди. Унда марказда шу йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақда маълумот берилди.

- Аҳоли саломатлигини асраш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, йирик ислоҳотларга айланиб кетди, - дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази вилоят филиали бош шифокори Гулзода Негматова. – Бирламчи бўғин билан бир қаторда ихтисослашган марказлар ҳам узоқ йиллар орзу қилган шарт-шароитлар, замонавий ускуналарга эга бўлди. Марказ мисолида айтадиган бўлсам, шу йилнинг ўзида 571 та жарроҳлик амалиёти, шундан 439 таси юқори технологияли амалиётлар бажарилди.  Вилоятда 15 та диагностика ва 6 та даволаш усуллари жорий этилди.  Туманларда касалликни эрта ва самарали аниқлаш ва шунга қараб уни ўз вақтида даволаш имкониятига эга бўлган усуллар жорий этилди. Қолаверса, марказда стандартларга мос жиҳозланган замонавий лаборатория бўлими ташкил этилган бўлиб, унда 126  турдаги таҳлилларни бажариш, қалқонсимон без касалликларини аниқлаш ва қиёсий ташхислаш мақсадида бир қатор энг муҳим таҳлилларни амалга ошириш кенг йўлга қўйилган. Марказ шифокорлари томонидан болаларга қулайлик яратиш мақсадида паст бўйлик синдромини аниқлашда ишлатиладиган соматотроп гормон, болаларда ўсиш муаммолари бўйича стимуляцион пробаларини ўтказиш жорий  этилган.

Семизлик аниқланган беморларда биоэмпеданс таҳлили асосида индивидуал соғломлаштириш дастурлари жорий этилди. Йил давомида 145 нафар беморда биоимпеденс таҳлил асосида соғломлаштириш режаси тузилиб, назоратга олинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда қандли диабет хасталиги тобора ёшариб бормоқда. Илгари вилоят миқёсида бир йилда 10-15 нафар болада қандли диабет аниқланган бўлса, ҳозирда ҳар ойда шунча бола ушбу касалликка чалиняпти. Бу хасталикнинг сабабларидан бири вазн ортиши билан боғлиқ экани кўпчиликка аён. Афсуски, тадқиқотларимизда шаҳарда яшаётган болаларда вазн ортиши билан боғлиқ ҳолатлар кўп учраётганини кузатяпмиз.

Тўғри, қўрқув, авлодларида бу касаллик билан оғриганлик ҳолати, стресс кабилар ҳам касаллик келтириб чиқаради. Аммо барчасини назорат қилиб бориш мумкин. Хусусан, жисмоний фаоллик энг яхши усул. Жисмонан фаол инсонлар вазнини меъёрида ушлаб туриши баробарида стрессдан ҳам ўз вақтида халос бўлишади.

Касалликнинг олдини олиш мақсадида скринингга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Шу йил 1,1 миллион нафардан зиёд аҳолини скрининг текширувларидан ўтказдик. Бу текширувлар давомида 539 минг 367 нафар аҳолида қонда қанд миқдори ўлчанган ва бу жами скринингдан ўтказилган 40 ёш ва ундан юқори аҳоли орасида 48,5 фоизни ташкил қилган. Скринингдан ўтган аҳоли орасида 5526 нафарида биринчи марта диабетолди ҳолати, 41242 нафарида ортиқча вазн, 6190 нафар қандли диабет ва 7910 нафар семизликка чалинган беморлар аниқланди. Уларга зарур тавсиялар берилди.

Пресс-тур давомида бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.