“Қари Наво” Навоийнинг асари эканлиги айтилади
Миллий мусиқамизнинг назарий ва амалий асослари Алишер Навоий ижодининг таркибий қисми бўлиб, мазмунан ранг-баранг, шаклан тугал кўринишга эга.
Мутафаккир томонидан миллий мусиқа санъатимиз ҳақида билдирилган фикрлар Шарқ мусиқа маданияти хазинасидир.
Ўрта асрларда Шарқ мусиқашунослиги асосан араб тилида шаклланди. Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Ибн Зайла, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Сафиуддин ал-Урмавий, Нажмиддин Кавкабий каби алломалар асарларида тартибга солинди. Юқорида қайд этилган буюк шахслар ва юнон мутафаккирларининг илмий-фалсафий мероси Навоий ижодида ҳам чуқур из қолдирди.
Шу боис Навоий араб ва форс тилларида ёзилган мусиқа ва фалсафага доир асарларни чуқур ўрганди. Замонасининг мусиқа амалиёти ва назариясини қиёсий таҳлил қилди. Жумладан, Абу Наср Форобий ва Абу Али ибн Синоларнинг илмий ва мусиқий қарашларини янада ривожлантирди.
Мусиқашунослик илмини икки қисмга: “илми таълиф” (мусиқий товушлар, нағмаларни ўрганувчи фан) ва “илми иқо” (мусиқий ритм, шартли равишда мусиқий вазнларни ўрганувчи фан)га бўлиб ўрганди.
Фанлар академиясининг Ҳ.Сулаймонов номидаги қўлёзмалар институти кутубхонасида Шарқ ва Ғарб мамлакатларида машҳур олим Сафиуддин ал-Урмавийнинг (ХIII аср) шоҳ асари “Китобул адвор” рисоласининг 1466 йил Ҳиротда кўчирилган нодир нусхаси сақланмоқда. Назаримизда, Навоий Урмавийнинг бу асари билан таниш бўлган. Чунки манбаларда келтирилишича, Абдураҳмон Жомий, Мавлоно Биноий, Сайнулобиддин Ҳусайнийнинг мусиқий рисолалари бевосита Навоийнинг буюртмаси асосида ёзилган.
“Бобурнома”да Навоий хусусида “...Яна мусиқийда яхши нағмалар боқлавдур, яхши нақшлари ва яхши пешравлари бордир”, дейилади. Абдурауф Фитратнинг “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” рисоласида “Навоийнинг ўзи ҳам мусиқийда бир рисола ёзган. “Қари Наво” ёки “Қари Навоий” куйи ҳақида ҳар томондан сўйланиб турур. Бухоронинг эски мусиқашунослари орасида бу куйнинг Навоий асари бўлғони суъйланадир. Мана бу маълумотлардан сўнг “Қари Навоий” куйининг Алишер Навоий асари бўлғони эътимоли кучланиб қолур”, дейди.
Навоий назмида мақомлар ва чолғуларнинг номлари битилган қуйидаги байтларга эътибор беринг:
Қадди ҳажринда тортсанг нола,
“Рост” оҳанги эй Навоий туз.
Маъноси: Ҳижрон азобида нола тортсанг, эй Навоий “Рост” мақомин оҳангини туз.
Ёки: Сўзда Навоий не десанг, чин дегил,
“Рост” наво нағмага таҳсин дегил.
Навоийнинг “Рост” мақомига бу тарзда мурожаат қилишида рамзий маъно бор. Чунки машҳур ўн икки мақомдан бирининг номи бўлган ушбу атама тасаввуфда тариқат йўлини рамз этади.
Эй Навоий, то муқаррар қилдим оҳанги “Ҳижоз”,
Гаҳ “Ироқу”, гаҳ “Ажам” сари тараннум айларам.
Маъноси: “Ҳижоз” оҳангини (мақомини) куйлаб бўлгунча, гоҳ “Ироқ”, гоҳ “Ажам” мақомин куйларам.
Ушбу байтни тасаввуф ва маъжозий маънода қиёсий таҳлил қиламиз. “Ҳижоз” Арабистон ярим оролидаги муқаддас Макка ва Мадина жойлашган сарҳадни англатса, “Ироқ” маълум мамлакатнинг номига ишора қилади. Бунда Навоийнинг бутун умри давомида орзу қилган, аммо ушалмай қолган ҳаж сафарига интилиши ўз аксини топади. Қолаверса, тасаввуф таълимида, яъни сўфийликка қадам ранжида қилган ҳар бир мурид “шариат – тариқат – ҳақиқат” босқичларини босиб ўтиши лозим. Шу нуқтаи назардан мақом намуналарининг ижровий услуби ҳам пастдан юқорига, “зинапоя” тарзида босқичма-босқич кўтарилиб бориш тамойилига таянади.
Умуман, Навоийнинг мусиқий дунёсини улкан бир уммон билан қиёслашга ҳақлимиз. Маънавиятимиз бойлиги бўлган бу уммондан авлодларни баҳраманд қилиш ва улуғ бобомизнинг безавол ижодиётини илмий нуқтаи назардан ўрганиш ижод аҳли учун муҳим аҳамиятга эга.
Равшан Ҳамроқулов,
Самарқанд давлат университети профессори.
Нарзулла Тоштемиров,
санъатшунослик фанлари номзоди, доцент.