Самарқанднинг барча туман ва шаҳарларидаги деҳқон бозорларида арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилди

Вилоят бозорлар уюшмаси маълумотига кўра, 23 декабргача вилоятдаги деҳқон ва фермерлар, савдо тайёрлов ташкилотлари томонидан ярмаркаларда 1917 тонна картошка, пиёз, сабзи, сабзавотлар, гўшт, шакар, мой, гуруч каби асосий турдаги  маҳсулотлар ва 735 минг донадан ортиқ тухум арзон нархда сотилган.

Жумладан, “Сиёб деҳқон бозори”да Ургут, Булунғур ва Самарқанд туманлари деҳқонлари ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, “Афросиёб парранда”, “Мароқанд парранда” масъулияти чекланган жамиятлари парҳез гўшт ва тухум савдосини ташкил этган. “Сиёб деҳқон бозори”га қарашли тайёрлов ташкилоти гўшт, гуруч, дуккакли маҳсулотлар, савдо ташкилотлари спиртли ва салқин ичимликларни харидорларга тақдим этмоқда. Бу ерда мол гўшти килограми 55 минг сўмдан, қўй гўшти 58 минг сўмдан ва парранда гўшти 22 минг сўмдан, тухум донаси 900 сўмдан сотилмоқда. Бошқа маҳсулотлар ҳам бозордагидан арзон нархда савдога чиқарилган. Бозор маъмурияти томонидан ярмарка иштирокчиларига 325 та савдо нуқтаси ажратилган ва 26 хил маҳсулот келтирилиши белгиланган бўлса, тадбиркорларимиз 70 турдан ортиқ маҳсулотни савдога чиқарган.

“Темирйўл деҳқон бозори”да Оқдарё, Паст Дарғом, Тойлоқ туманлари деҳқонлари учун 60 та савдо нуқтаси ҳозирланган. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш ва савдо корхоналари томонидан ёғ, колбаса ва гўшт маҳсулотлари, консерва, спиртли ва салқин ичимликлар бозордан анча арзон нархда савдога чиқарилган.

- Бозордан гўшт, мева ва рўзғорга керакли маҳсулотлар олдим, - дейди харидор Зулфия Дамирова. – Мол гўшти килограми 50-55 минг сўмдан, қўй гўшти 58 минг сўмдан сотиляпти. Сифати ҳам яхши.

Коронавирус таҳдиди бутунлай бартараф этилмаган ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муҳим ҳисобланиб турган пайтда бозорларда бирорта санитария ходимини қидириб ҳам тополмадик. Бундан ташқари, ярмаркаларда терминаллар йўқ. Тўғри, маблағни нақдаштириш аввалгидек муаммо бўлмаган пайтда бу унчалик жиддий масала эмас. Лекин бозор масъулларининг айтишича,  “Сиёб деҳқон бозори”га бириктирилган “Агробанк”, “Темирйўл деҳқон бозори”га бириктирилган Халқ банки вакиллари бирор маротаба ҳам ярмаркага келмаган ва терминаллар билан ҳам қизиқмаган экан.

Ў.Худойбердиев,

Б.Мустанов (фото).