Қашқадарёда бир оиладан 7 киши заҳарланганди. Улардан бири вафот этди, икки киши эса комада

Хабарингиз бор, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани, Лангар МФЙ, Тутли қишлоғилик оиланинг етти нафар аъзоси уй шароитида тайёрланган помидор консервасидан заҳарланиб, вилоят марказидаги шифохоналарга ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик.

Уларнинг кейинги аҳволи ҳақида ССВ маълум қилди.

Унга кўра, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, шу йилнинг 18 ноябрь куни соат тахминан 08.00 атрофида мазкур оила бекаси Ю.У. вафот этди.

Таъкидланишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келтирилган оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига “Ботулизм касаллигининг оғир даражаси. Ўткир токсемия даври. Токсик нейропатия. Ўткир нафас етишмовчилигининг I даражаси” ташхиси қўйилган эди. Кўрсатилаётган малакали тиббий хизматга қарамасдан, айни пайтда ота ва катта ўғилнинг аҳволи ҳам ўта оғирлигича қолмоқда. Улар сунъий нафас олдириш аппаратида сақланмоқда.

Шунингдек, маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган, оиланинг барча аъзолари комада эканлиги ҳақидаги хабарлар эса асоссиз. Шифокорлар беморлар ҳаёти учун курашмоқда. Айни пайтда оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли.