Қайси давлатларнинг тилида энг кўп сўз бор?
Агар дунёдаги барча тиллар энг кўп сўзли тил номи учун рақобатлашадиган бўлса, инглиз тили биринчи ўринни эгаллаган бўлар эди. Гўзаллиги учун эмас, балки янги сўзларга бой бўлгани учун.
Global Language Monitor маълумотларига кўра, ҳозирда инглиз тилида бир миллиондан ортиқ сўз бор. Бу рақам ўсишда давом этмоқда, деб хабар беради Белновости мухбири.
Сабаби, тилнинг мослашувчанлиги ва очиқлигидадир. У осонгина бошқа тилдан олинган сўз ва ибораларни ўзлаштиради, мослашади, неологизмлар яратади ва кундалик ҳаётда ишлатиладиган "сленг"лардан қўрқмайди. Тарихан инглиз тили кенгайиш учун пойдевор бўлган лотин, француз, герман ва юнон илдизларини ўзлаштириб келган.
Масалан, биргина Оксфорд инглизча луғатининг 600 мингга яқин сўзи бор. Бунга техник атамалар, шевалар ёки эскирган шакллар кирмайди.
Таққослаш учун, рус тилида 150-200 мингта сўз, жумладан, эскирган грамматик формалар - архаизмлар мавжуд. Бу архаизмларнинг 30 мингга яқини кундалик ҳаётда фаол қўлланиб келинади.
Иероглифлар сони бўйича рекордчи Хитой тили луғатга унча бой эмас. Унинг тузилиши сўз бойлигининг кўпайишига имкон бермайди.
Юнон тили фан ва фалсафа нуқтаи назаридан энг бой тиллардан бири. Бироқ, кундалик нутқда у ҳажм жиҳатидан инглиз тилидан пастроқ туради.
Ўзининг мураккаб қўшма сўзлари билан машҳур немис тилидаги сўзлар сони 300-400 мингдан ошмайди. Бу сўзлар кўпинча такрорланадиган тузилишга эга.
Инглиз тили ҳар куни, айниқса, технология, маданият ва сиёсат соҳаларида янги сўзларни яратади. Бу эса уни тирик ва доимий ўзгарувчан тилга айлантиради.
Тилшуносларнинг таъкидлашича, инглиз тили ҳеч нарсани ўз ичига олишдан "қўрқмайди". Ҳатто, хатолар, кўча гапи ва мем (ҳаракат, расм, ибора, видео ёки бошқа маданий элемент)лар ҳам тилнинг бир қисмига айланиб, унга глобал коммуникациядаги устунликни таъминламоқда. Тил илмий мақоладан тортиб, "Тик-Ток"кача бўлган ҳар қандай контекстга мослаша олади.
Тиллардаги сўзларнинг кўплиги ҳар доим ҳам яхши эмас. Бу ўрганишни қийинлаштиради ва сўз бойлигининг доимий янгиланиб боришини талаб қилади. Шунга қарамай, инглиз тили қайд қилинган бирликлар сони бўйича дунёдаги сўзлари энг кўп тил бўлиб қолмоқда. Бу рекорд ҳали янгиланганича йўқ.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.