Қирғизистон ва Тожикистон экстремизм ва терроризмга қарши қонунларини Россиядан кўчирганми?

Америкалик тадқиқотчи  Эдвард Лемон твиттер ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўзининг тадқиқотлари натижасини эълон қилди. Унга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон экстремизм ва терроризмга қарши курашга доир қонунларининг асосий қисмини Россия қонунчилигидан кўчирган.

Унинг ёзишича, Қирғизистон ўзининг экстремизм ва терроризмга қарши қонунларининг 79 фоизини, Тожикистон эса 56 фоизини Россия қонунларидан ўзлаштирган. Унинг хулосасига кўра, Қозоғистоннинг экстремизм ва терроризмга қарши қонунларида 4 фоиз, Ўзбекистон қонунларида 5 фоиз Россия экстремизм ва терроризмга қарши қонунларига айнан ўхшаш жиҳатлар бор. Аммо, бу тасодиф бўлиши ҳам мумкин.

У, бу ўхшашликни топиш учун махсус дастурдан фойдаланганини маълум қилган.

Унинг ёзишича, у ўз тадқиқотларини Қирғизистон ва Қозоғистоннинг 2005 йилда, Тожикистоннинг 2003 йилда, Ўзбекистоннинг эса 2018 йилда қабул қилинган қонунларидан фойдаланиб ўтказган.

Маълумот ўрнида: Доктор Эдвард Лемон Даниэл Морган Олий хавфсизлик мактаби ходими, шунингдек, Вудро Вильсон номидаги илмий марказнинг стипендианти ҳисобланади. 2016 йилда Эксетер университетида Халқаро муносабатлар йўналишида докторлик диссертациясини ёқлаган.

Лемон ўз тадқиқотларида, асосан, Евросиё мамлакатларидаги эктремизм, терроризм, миграция, диний қарашлар каби йўналишларни ўрганади.