Қўшни вилоятларда нима гап?: Жиззахнинг бугунги жамоли
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан газетамизда “Қўшни вилоятларда нима гап?” номли янги рукн ташкил этдик. Шу рукндаги дастлабки саҳифамиз Жиззах вилоятига бағишланади.
Маълумот ўрнида
Умумий ҳудуди 20 минг 500 квадрат километр майдонни эгаллаган Жиззах вилояти Сирдарё ва Зарафшон дарёлари оралиғининг марказий қисмида жойлашган. У шимолда Қозоғистон Республикаси ва Сирдарё вилояти, жануби-шарқда Тожикистон Республикаси, ғарб томонда эса Самарқанд ва Навоий вилоятлари билан чегарадош.
Айни пайтда вилоят ҳудудида Жизах шаҳри, Арнасой, Бахмал, Дўстлик, Фориш, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Мирзачўл, Пахтакор, Янгиобод, Зомин, Зафаробод, Зарбдор туманлари мавжуд. Аҳолиси 1,4 миллиондан ортиқ.
Мақсад – Евроосиё бозорлари
Вилоят ҳокимлигига борганимизда ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Акмалжон Биноқулов бизни илиқ кутиб олди. Мақсадимизни айтгач, бундай лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шундан сўнг Акмалжон ва “Жиззах ҳақиқати” газетаси масъул котиби Ўктам Одилов ҳамроҳлигида вилоятнинг турли манзил ва масканларида бўлдик.
- Кейинги йилларда вилоятимиз юксак иқтисодий салоҳиятга эга саноат ҳудудига айланмоқда, - деди Жиззах вилояти ҳокимлиги иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Феруза Кулиева. - Бу ерда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ички бозордан ташқари, қўшни мамлакатларга экспортга ҳам йўналтириляпти. Масалан, рақобатбардош трикотаж маҳсулотлари тайёрлаётган шундай қувватлардан бири 2019 йилда ташкил этилган “Farali textile” корхонасидир. Айни пайтда 780 киши доимий иш билан банд бўлган мазкур меҳнат жамоасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия Федерацияси, Молдова, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга жўнатилмоқда.
Яқинда Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан 12 та меморандум ва келишув, 9 та инвестиция лойиҳаси ҳамда 14 та экспорт, жами 100,4 миллион АҚШ долларилик шартномалар имзоладик. Жумладан, икки вилоят ўртасида 2022-2023 йилларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, “Жиззах” ва “Суғд” ЭИЗ ўртасида алоқалар, Янгиобод ва Истаравшан туманлари ўртасида эркин савдо зонасини ташкил этишга келишиб олинди. Бундан ташқари, Тожикистондан 5 минг тонна ош тузи ва техник туз, “Зомин-фарм” ЭИЗ ҳудудида гигиеник маҳсулотлар, Янгиобод кичик саноат зонасида тожикистонлик ҳамкорлар томонидан болалар велосипеди ишлаб чиқарувчи корхоналар қуриш бўйича шартномалар имзоланди. Шунингдек, Сўғд вилоятига Жиззахдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гилам, олтингугурт, ипак, базальт, шиша, фитинг, қандолат, ип-калава, қурилиш маҳсулотлари етказиб бериш, 10 та иссиқхона ва 10 гектар боғ барпо этиш бўйича ҳам келишувларга эришилди.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, Хўжандда бўлиб ўтган VIII халқаро савдо ярмаркасида вилоятнинг 30 дан ортиқ корхонаси ўз маҳсулотлари билан иштирок этган.
- Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 232,1 миллион долларлик 24 та лойиҳа амалга оширилди, - дейди “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Зиядин Саидов. - Шундан 87,2 миллион доллари хорижий инвестиция ҳиссасига тўғри келади. Ушбу лойиҳалар доирасида ҳудудда 3866 та янги иш ўрни яратилди. 2021-2022 йилларда қиймати 266,4 миллион долларлик 15 та лойиҳа амалга ошириляпти. Шундан 119,7 миллион долларлик лойиҳа тўғридан-тўғри хориж инвестицияси кўмагида бажарилади. Бу лойиҳалар тўлиқ ишга тушгач, 3223 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади.
Хуросонда “Янги Ўзбекистон”
Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи Катта Ўзбек тракти бўйида жойлашган Хуросон қишлоғи нафақат “Оқтош ота” маҳалла фуқаролар йиғини, балки Жиззах вилоятининг энг хушманзара ҳудудларидан бири. Бугун бу ер қайноқ қурилиш майдонига айланган. Чунки мазкур маҳаллада “Янги Ўзбекистон” тураржой массиви бунёд этилмоқда.
Маълумотларга қараганда, массив қурилиши 2026 йилгача давом этади. 41,3 гектар майдонда 5440 хонадондан иборат 68 та 16 қаватли уй барпо этилади. Жорий йил охиригача бу ерда 1120 хонадонли 14 та осмонўпар бино қад ростлайди. Айни пайтда пудратчи ташкилот - “BRB GOLD TEAM” МЧЖ қурувчилари ғайрат билан ишга киришган.
– Бажариладиган ишлар кўлами кенг, аммо зиммамиздаги юмушларни ўз вақтида уддалаймиз, - дейди мазкур ташкилот раҳбари Аъзамжон Бурхонов. – Қурилиш ҳажми ва иш кўлами катталиги боис массивни бунёд этиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Жумладан, келгуси йили 1360 хонадонли 17 та бино бунёд этилса, 2024 йилда 1200 хонадонли 15 та, 2025 йилда 960 хонадонли 12 та, 2026 йилга келиб, 800 хонадонли 12 та уй қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Қайд этиш жоизки, бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида турар жойлардан ташқари, қатор ижтимоий объектлар бунёд этиш назарда тутилган. Жумладан, маҳалла маркази, оилавий поликлиника, маданият уйи, спорт-соғломлаштириш маркази, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплекси, банк шохобчалари, 1680 ўқувчи ўрнига эга бўлган 2 та умумтаълим мактаби, 360 ўринли 2 та мактабгача таълим ташкилотининг бинолари қад ростлайди.
Ёрмамат Рустамов
Самарқанд – Жиззах – Самарқанд.
***
(Давоми бор)