Қонунчиликни бузган мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
Лойиҳада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш ёки маълумотларни нотўғри кўрсатиш:
– мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;
– худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда, мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Жамоатчилик муҳокамаси 2021 йил 9 сентябрга қадар давом этади.