Қоракўлдаги мактабнинг сири нимада ёхуд Самарқандда ҳам шундай мактаб бўладими?

Қоракўл халқаро математика мактабининг ўқитувчилари билимлими ёки ўқувчилари? Мактаб директори Темир Рўзиевнинг журналист Зуҳра Абдуҳалимовага берган интервьюсида айтишича, мактабнинг асосий ютуғи ўқувчиларни қабул қилишда адолатли тизим жорий этилганида экан. У ҳеч қандай таниш-билишчиликка йўл қўймасдан, фақат билимли ўқувчилар уч босқичда синовдан ўтказилиб, мактабга қабул қилинишини айтди. Шунингдек, ишга кираётган ўқитувчилар ҳам саралаб олинади.

Рост-да, таълим тизимида адолат, шаффофлик бўлса, сифат ўз-ўзидан ошади. Таълим сифатини зўрма-зўракилик билан кўтариб бўлмайди. Айниқса, математика ва физика фанларини ўзлаштиришда бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу борада ўқитувчи, мутахассис ва ота-оналар фикрига қулоқ тутамиз.

Камолиддин Одилов, Каттақўрғон туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси:

- Фанлар ўзаро бир-бирига боғланган. Физика фанини яхши ўзлаштириш учун, аввало, математикани яхши билиш керак. Математик формулаларсиз физикани ўқувчига тушунтириб бўлмайди. Шунинг учун математика фанини бошланғич синфдан яхши ўқитиш лозим. Бундан ташқари, дарсликда берилган физик ҳодисаларни она тили ва адабиётни яхши ўзлаштирмаган ўқувчи тушунмайди. Физика фанини ҳамма ҳам бирдек ўзлаштириб кета олмаслигининг сабаби шунда.

Самарқандда Қоракўлдагидек мактаб барпо қилиш учун айнан мана шу томонларни ҳисобга олиш керак, яъни мактабга тажрибали, билимли, салоҳиятли, янгича услубда дарс бера оладиган ўқитувчиларни жалб этиш лозим. Ўқувчи бир фанни мукаммал эгаллаши учун бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштирган бўлиши керак.

 

Иззат Жўраев, репетитор:

- Мен математика фанидан ўқувчиларга репетиторлик қиламан. Бу йил 27 нафар ўқувчимдан 19 нафари олий ўқув юртига ўқишга кирди. Бир кунда абитуриентларга 4-5 соат дарс ўтаман. Битта синф дарслигини 1 ҳафтада ўтиб тугатаман. Ҳар ҳафтада ўтилган мавзулар бўйича тест оламан. Тест саволлари ҳам ўтилган мавзуни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Юқори синфлар учун мактабларда асосий фанлар ўқитилиши тарафдориман. Шундай йўл тутилса, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи ошади. 

 

Озода Насимова, уй бекаси: 

- Самарқандда математикага ихтисослашган мактаб ташкил этилишини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Фарзандларим бошланғич синфда ўқийди, математика фанидан мисол ва масалаларни ўзлари мустақил ечади. Уларнинг билимини доим назорат қилиб бораман. Аммо яна бир хавотирим бор. Ишқилиб, ихтисослашган мактабга қабул жараёни таниш-билишчилик бўлиб кетмасин-да. Акс ҳолда биз каби оддий одамларнинг фарзандлари бундай мактабларда ўқий олмайди. 

Ҳамма ота-она ҳам фарзандининг яхши билим олишини истайди. Баъзида бошланғич синфда аъло баҳоларга ўқиган болалар юқори синфга ўтгач, негадир билими пасайиб кетади. Иқтидорли болаларга тажрибали ўқитувчилар таълим-тарбия берса, менимча улар биз кутган натижага эришади. 

***

Хуллас, кўпчиликнинг фикри шу: Самарқандда очилиши режалаштирилаётган математикага ихтисослашган мактабнинг келажакда равнақ топиши учун Қоракўлдаги сингари ўқувчилар адолатли қабул қилиниши керак. Бунинг учун адолатли раҳбар, билимли ўқитувчилар ва иқтидорли ўқувчилар жалб этилиши лозим. Шундагина мақсадга эришилади. 

Хуршида Эрназарова.