Қорасувдаги аҳоли ҳаётидан рози бўлаяптими?

Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи юқорилигини инобатга олиб, 2018 йилги дастурга қўшимча равишда кўп қаватли арзон уйлар қуриш киритилган эди.

2018 йилнинг ўзида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 32 та 7 қаватли кўп қаватли арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 та турар жой қуриб, фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, ҳудудда 540 ўринли умумий ўрта таълим мактаби, хусусий боғча, ички ишлар бўлими, савдо ва маиший хизмат мажмуаси, супермаркет қуриб битказилди.

Шу тариқа, бу ерда қисқа фурсатда замонавий аҳоли массиви қад ростлади. Янги уйларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча қулайликлар эътиборга олинган.

Бу расмий нашларда эълон қилинган ахборот. Аслида ҳам янги массивда одамлар учун барча қулайликлар яратилганми? Шундай бўлса, нега июнь-июль ойларида бу ҳудудда норозилик кайфияти ҳукмрон бўлди? Нега турли ижтимоий тармоқларда одамларни турли эътирозлари эълон қилинмоқда? Бугун ҳудуддаги муаммолар ҳал этилдими?

Шу саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд шаҳрига туташ Қорасув массивида бўлдик.

Бундан бир неча ой олдин янги қурилган 21-уйнинг пойдевори ёрилиб кетганлиги ҳақидаги хабар кўпчиликни ташвишга солгани бор гап. Халқ тилида «ГАСН» деб юритиладиган, қурилиш назорати инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Шокир Элмуратовнинг айтишича бу борада эътироз бўлгач, белгиланган тартибда экспертиза тайинланган: экспертиза оддий услубда, барчага тушунарли тарзда амалга оширилган. Яъни пойдеворда пайдо бўлган ёриқ (трешина)га қоғоз ёпиштирилиб, 15-20 кун кузатилган. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмагандан кейин мутасаддиларнинг ҳам, одамларнинг ҳам кўнгли тинчиган.

- Айримлар уйларда кузатилган ён-атрофининг чўкиши ҳам кўпчиликни хавотирга солгани бор гап, - дейди Ш.Элмуратов. - Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, қурилган уйларнинг пойдевори мустаҳкам, унинг асоси чуқур (котлаван) ичига қўйилган. Тупроқ билан тўлдирилиб, тез суръатда топшириш учун қуйилган “стяжка” тупроқ чўкиши оқибатида ёрилиши уйнинг асосий конструкциясига ҳеч қандай салбий таъсир қилмайди.

Уйларнинг “подвалида”ги бетон устун ва пойдеворлар мутахассиснинг фикрларини тасдиқлаб турибди. Буни айни вақтда ҳудуд аҳолиси ҳам тушуниб етган. Аммо бошқа муаммо ечими уларни ҳамон қизиқтирмоқда. Одамларнинг норозилигига сабаб бўлган ҳолатлар - мактабгача таълим муассасаси ҳақида Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Рустам Олимов қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Тўғри, дастурга асосан ҳудудда бюджет ҳисобидан давлат боғчаси қурилиш режалаштирилганди, - дейди Р.Олимов. - Аммо Қорасув массивида мактабгача таълим муассасаси қуришга талабгорлар борлигини ҳисобга олиб, давлат томонидан ажратилган пулга Паст Дарғом туманида боғча қуриш таклифи ўртага ташланди. Бу масала давлат раҳбарининг Самарқандга ташрифи давомида маъқулланган.

Энди Қорасув массивида яна учта мактабгача таълим муассасаси қурилиш режалаштирилган. Айтиш мумкинки, бу билан ҳудудда боғчалар сони тўрттага етгач, табиийки кучли рақобат муҳитида улардаги нарх ва бошқа масалалар ҳам одамларнинг шароитига мослашади.

Қорасув массивида 2018 йилга режалаштирилган уйлар 2019 йилда топширилгани, аммо вақт ўтиб уй қурилишидаги камчиликлар юзага чиқавергани рост. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари, эшик ва деразалар, деворлардаги камчиликлардан кўпчилик норози бўлгани, оқибатда вилоят ҳокими аҳоли билан учрашганди ва масала бўйича штаб ташкил қилинганди.

Бугун штаб, яъни маҳалла фуқаролар йиғинида “темир дафтар” юритилган. Кимда уй қурилиши, таъмири бўйича муаммо бўлса, келиб мурожаат қилади. Асосий буюртмачи - “Ўзшаҳарқурилишинвест”, “ГАСН”, шаҳар кадастр идораси, Ипотека банк вакиллари, мурожаатда кўтарилган муаммоларни ўрганади. Вазиятга қараб зарур чораларни кўради.

Рост, одамлар кўтарган муаммолар босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда. Буни ҳамма кўриб-билиб тургани учун масалага батафсил тўхталмаймиз. Бироқ ҳамон айрим муаммолар борки, уларнинг ечими бўйича жиддий ўйлаб кўриш керак.

Хусусан, сифатсиз эшикнинг ёки эшик тутқичининг алмаштирилгани, ҳожатхонага қўйилмаган “димаход” уй эгасининг талаби билан ўрнатилгани ҳеч бир ҳужжатсиз амалга оширилган. Бу каби тузатилган камчиликларни ўнлаб, ҳатто юзлаб мисол келтириш мумкин. Бироқ уларнинг барчаси дастлаб экспертиза қилиниб, сўнг амалга оширилган ишлар далолатнома қилиниши шарт эмасми?

Бундан ташқари, биз кирган уйларда сув қувурларининг уланган жойларидан томчи томаётганининг гувоҳи бўлдик. Қурувчилар бу ҳолни белгиланганидан юқори босимда сув берилаётгани учун “айрим жойларни уриб юбораётгани” билан изоҳлашди.

- Кўп қаватли уйлардан олдин намунавий лойиҳа асосидаги ҳовлиларга сув берилади, - дейди “Сувоқова” давлат унитар корхонаси вилоят бошқармаси бошлиғи Комил Юсупов. – Қурувчилар айтганидек, босим юқори бўлса, нега “биринчи қулоқ”дагилар норози бўлмаяпти?

К.Юсуповнинг изоҳи, ҳудуддаги ўрганишлар давлат дастури асосида қурилаётган кўп қаватли уйларга хом ашё ва қурилиш материалларни етказиб бериш масаласини яна бир бор ўйлаб кўриш зарурлигини кўрсатиб турибди. Негаки, штаб, яъни маҳалла фуқаролар йиғинига бўлган мурожаатларнинг аксарият қисми эшикнинг сифатсизлиги, ишлатилган қурилиш материаллари нобоплиги сабаб бир йил ўтмай нураб бораётгани тўғрисида бўлмоқда.

Ташкилотнинг вилоятдаги муҳандислари фақат қурилишни назорат қилишларини, бу борада фикр билдиролмаслигини айтишди. Маъмурият билан боғланганимизда биз айтган масала, шу билан бирга уйларнинг нархи аввал бошқача ва қуриб битказилгач кейин кўпроқ суммада бўлаётгани ҳақида икки-уч кунда маълумот қилиб беришларини билдирди. Кутамиз ...

Гапнинг индаллоси шуки, соҳага масъул бўлган идоралар, кези келганда манфаатдор ташкилотлар вақтида ўз вазифасини тўлақонли амалга оширишса муаммо ва норозиликка ўрин қолмайди.

Афсуски, бугун Қорасувдаги уй-жойларни тегишли тартибда расмийлаштиришда турли камчиликлар кўзга ташланмоқда. Масалан, Рахматилла ака ҳам яхши ният билан кўп қаватли уйлардан бирини олган. Бироқ банкда унинг уйи кадастр берган маълумотдан 0,76 метр квадрат ортиқча ҳажмда белгиланган. Бу борада маҳалла, яъни штабга қилган мурожаати мана уч ҳафтадирки, ечим топмаяпти.

Шу ва бошқа муаммолар сабаб бугун аксарият фуқаролар бошланғич тўловлари тўланган хонадонларини тегишли тартибда расмийлаштириб олгани йўқ. Маҳалла фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, 1344 та хонадонларга 800-900 атрофида оилалар яшамоқда.

Назаримда, энди банк ходимлари, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бироз жон койитишларига тўғри келади. Чунки, хонадон эгалари ҳақидаги тўлиқ маълумотлар шаҳар ҳокимлигида мавжуд, уйлар белгиланган муддатда ҳақиқий эгаси томонидан белгиланган муддатда расмийлаштириб олинмаса, давлат эгалигига қайтарилади. Табиийки, бундай ҳолда фуқаро ўзидан эмас, албатта ҳокимликдан норози бўлади.

Банк маъмурияти бунда асосий ижрочи бўлиш билан бирга манфаатдор ҳисобланади. Шу боис, бошланғич бадал тўлаган хонадон соҳибларини уйни расмийлаштиришга ундаш уларнинг кундалик, кечиктириб бўлмайдиган вазифаси.

Бундан ташқари, бугун ҳудудда иккита уй-жой мулкдорлари ширкати тузилган. Аксарият хонадонлар эгалари билан шартномалар тузилмагани, тегишли тўловлар тўлиқ амалга оширилмаётгани учун ширкат ҳам тўлақонли фаолият юритгани йўқ. Оқибатда, “ёши тўлмаган” массивда фуқароларнинг турли ўзбошимчалиги кузатилмоқда. Бу эртага бирор кўнгилсизликка сабаб бўлмаслигига эса кафолат йўқ.

Масалан, айрим кўп қаватли уйларнинг олдига автомашина қўйилмаслиги учун йўл бошидан тўсиқлар ўрнатилган. Тўсиқлар бегона автомашинани уй олдига келмаслигига хизмат қилиши мумкин. Аммо тез ёрдам ёки бошқа хизмат кўрсатиш машинаси уй олдига келишига зарурат туғилганда нима қилинади?

Бундан ташқари, 3-уйдаги хонадон соҳибларидан бири ертўлани кенгайтириш учун пойдевор конструкцияларини майдалаб бузиб, ташқарига чиқариб ташлаган. У бу иши билан нафақат ўзи, шу уйда яшовчи 41 та хонадонни хавф остида қолдираётганини тушуниб етмаган.

Хулоса шуки, тегишли масъуллар ҳар бир ҳолат бўйича одамларни хабардор қилиши шарт. Шунда аҳоли барчасини тушунади, жамоатчилик назорати шаклланиб, хато ва камчиликлар пайдо бўлишига йўл қўйилмайди.