27-рақамли шаҳар автобус йўналиши янги ҳаракат схемаси асосида қайта тикланди

Самарқанд шаҳар Қорасув массивини Темирйўл вокзали билан боғловчи 27-рақамли шаҳар автобус йўналиши янги ҳаракат схемаси асосида қайта тикланди. Ушбу йўналиш Темирйўл вокзалидан бошланиб Беруний, Мирзо Улуғбек, Маҳмуд Қошғарий, Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Университет хиёбони, Регистон, Даҳбед, Мотрид кўчалари ҳамда Самарқанд ҳалқа йўли орқали Қорасув массивида йўналишни якунлайди.

Эътибор қилган бўлсангиз, эндиликда ушбу йўналишда ҳаракатланувчи автобуслар Мир Саид Барака номли кўчадан эмас, балки Маҳмуд Қошғарий номли кўчадан Амир Темур номли кўча томон ҳаракатланади.

Йўналишда “Мароқанд транс 777” МЧЖ томонидан олиб келинган автобуслар йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Йўналишнинг умумий узунлиги 17 км. бўлиб унда 8 та автобус 12-15 дақиқалик интервал асосида ҳаракатланади. Йўл кира нархи 1400 сўмни ташкил қилади. Автобуслар электрон тўлов тизимига мослаштирилган ҳамда JPS трекерлари орқали онлайн кузатиб борилади.

“Мароқанд транс 777” МЧЖ таъсисчиси Фарҳод Жўраевнинг сўзларига кўра, Хитой Халқ Республикасидан яна 55 та автобус тез орада Самарқандга олиб келиниб, йўналишларга чиқарилади, дейилади вилоят транспорт бошқармаси хабарида.