Қорасув маскани атрофига манзарали дарахтлар ўтқазилмоқда

Бугун Самарқанд шаҳри Қорасув массивининг Баҳодир Ялангтўш номли маҳалладаги кўп қаватли уйлар олдига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида 1,5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Фахрийлар, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, давлат ташкилотлари, корхона ва муассасалар ходимлари, фаол ёшлар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Зебунисо Раҳмонова иштирок этиб, мазкур лойиҳани вилоят бўйича кенг кўламда амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.

- Ушбу лойиҳа доирасида ҳар бир корхона ва ташкилотлар, таълим муассаслари, маҳаллалар олдига, катта автомобиль йўллари ёқасига, аҳоли яшаш хонадонлари ховлисига бу каби мевали ва маназарали дарахтларни фақатгина экиш эмас, уни сифатли парваришлаш ҳам зарур, - деди З.Раҳмонова.

Вилоят экология, атроф муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Суҳроб Аҳмеджонов 100 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган мазкур масканда тоза ҳавони таъминлаш ва гўзалликни бахш этувчи манзара ташкил этиш режалаштирилгани, кўчатлар бу ернинг иқлим шароитидан келиб чиқиб экилаётганини таъкидлади.

- Хусусан, шумтол, каталпа дарахт кўчатлари, бугунги кунда ўзимизнинг иқлимга мослашган павловния каби кўчатлар танлаб олинди ва ўтқазилди, - деди у. - Қанча кўп дарахт экилса, шу жой яшилликка бурканади, тоза ва мўътадил ҳаво сақланади.

Шу ўринда бир гап: вилоят бўйича экиладиган манзарали ва мевали дарахтларни экиш ҳамда уни парваришлаш ишлари уч йил давомида бириктирилган ташкилот зиммасида бўлади. Бундан мақсад эндиликда ҳар бир экилган кўчатнинг эгаси ва жавобгари бўлади. Шунда биз вилоятимизни яшил маконга айтлантира оламиз. Албатта, бунга фаол аҳоли, яъни, жамоатчилик назорати кучайтирилиши орқали эришишимиз мумкин.

Тадбир давомида бу каби лойиҳаларни ташкил этиш ва ўтказишда вилоят экология бошқармаси, экопартия, ўрмон хўжаликлари, ободонлаштириш бошқармасининг ташаббуси катта бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Лойиҳа доирасида вилоятдаги барча бўш жойлар танлаб олиниб, яшил маконга айлантирилиши айтилди.

***

Эслатиб ўтамиз: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, яъни долзарб 40 кунлик давомида вилоят миқёсида қарийиб 400 минг гектар майдонда 30 турдан ортиқ, ўзимизнинг иқлим шароитимизга мослашган 6 миллион 942 минг туп дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экилади, узум ҳамда писта боғлари яратилади. Шунингдек, 16 та шаҳар ва туманда 19,7 гектар ҳокимлик боғлари, 28,4 гектар “Яшил боғ”лар ташкил этилади. Йирик 45 та корхона томонидан ўзи ва туташ ҳудудлари атрофларида 122,3 гектар майдонга 98,6 минг туп кўчатлар экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этилади. Вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган цемент ишлаб чиқарувчи корхоналари ва уларга туташ бўлган ҳудудлари 93 гектар майдонда 16 753 туп кўчатлар экилиб, “Яшил белбоғ” ташкил этилади. 50 та - 50 сотихдан 2  гектаргача бўлган давлат ташкилотлари боғи барпо этилади.

Ҳусан Элтоев.