Қўша қариган бахтли оилалар

Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалласида 50-65 йил бирга яшаган ўн оиланинг “олтин тўйи” ўтказилди.

– Гап тўйда эмас, асосий мақсадимиз оилавий ажримлар кўпайиб кетаётган ҳозирги вақтда ярим аср ва ундан кўп вақт аҳил-инон бирга яшаб, мустаҳкам оила қурган, фарзанд ва набиралар тарбиялаган ва айни пайтда нафақат эл ўртасида ҳурмат-эъзозда бўлган нуронийларнинг ҳаёт тажрибаларини оммалаштириш, уларни ёшларга ибрат қилиб кўрсатишдан иборат, – деди бизни ушбу тўйга таклиф қилган Боғимайдон маҳалласи раиси Тошпўлат Раҳматуллаев. – Айрим оилалар шу шартмикан, дегандек иккиланиб турганди “ўзим ҳам сизлар қатори шу тадбир қатнашчиси бўламан” дедим. Чунки биз ҳам янгангиз – Сафия Мўминова билан 52 йилдан буён бахтли оиланинг эгаларимиз. Худога шукур, уч фарзандимиздан бугун 12 нафар невара, 5 нафар эварамиз бор. Хуллас, аввало ўзимиз ибрат бўлиб шу хайрли ишни бошладик.

Маҳалла марказида ташкил этилган “олтин тўй”, яъни “Қўша қариган бахтли оилалар – маҳалламиз ифтихори” деб номланган маърифий тадбирда маҳалла аҳли, шаҳардаги бошқа маҳаллалардан вакиллар қатнашди.

Қўша қариган бахти оилалар соҳибларини Олий Мажлис Сенати қўмита раиси ўринбосари Д.Тошмухаммедова, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Раҳмонова, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров табриклади. Уларга ҳокимлик ва бошқа ташкилотларнинг совғалари топширилди.

Бахтли нуронийлар ўз ҳаёт йўллари, аҳил ва мустаҳкам оила қуриш асослари ҳақида гапириб беришди.

– Ҳаёт бир текис эмас, паст-баланди, аччиқ-чучуги бўлади, – дейди Субҳон Мавлонов. – Эр-хотин бир-бирини ҳурмат қилса, қўллаб-қувватласа ана шу синовлардан ўтиб мустаҳкам оила яратади. Биз ҳам турмуш ўртоғим билан 65 йил давомида кўп шундай синовлардан ўтдик. Қийинчиликларни, рўзғордаги етишмовчиликларни ҳалол меҳнат билан енгдик, бир-биримизни тушуниб, яшадик. Шунинг ортидан тўққиз фарзандни вояга етказиб, элга қўшдик. Ҳозир етмишдан ортиқ невара, эвараларимиз бор. Шу кунларга етказганига шукур.

Боғимайдон маҳалласи фаолларининг мазкур ташаббуси вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят “Нуроний” жамғармаси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди. Тадбирда ушбу ташкилотлар масъуллари ҳам иштирок этиб, бундай ибратли ишларни вилоят миқиёсида оммалаштириш зарурлигини таъкидладилар.