Қўшработда кўмирнинг нархи нега икки баробар қиммат?

Қиш  эшик қоқиб келди. Айниқcа, вилоятимизнинг тоғли ҳудудларидан бири ҳисобланган Қўшработ туманида бошқа жойларга нисбатан қишнинг қаҳри қаттиқроқ билинади.

Айниқса, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, шифохоналар, бошқа ижтимоий соҳа объектлари биноларини иситиш, аҳоли яшаш уйларини газ, узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мутассади раҳбарларнинг диққат марказида бўлиши керак. Айтиш жоизки, туманимизда ҳам бу борада тегишли тадбирлар белгиланиб, муайян ишлар амалга оширилмоқда. Аммо...

Қиш “қилич қайраб” турган айни шу кунларда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Самарқанд бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги”га қарашли “Қўролос” кўмир омбори зиммасига белгиланган қонун-қоида ва тартибга кўра, қўшработликларни арзон нархдаги кўмир билан таьминлаш вазифаси юклатилган.

Маълумот учун айтиш мумкинки, 1 тонна кўмир 300 минг 300 сўм, 1 тонна кўмир брикети 412 минг 500 сўм этиб белгиланган.

Бундан ташқари, Қозоғистондан кириб келаётган кўмир маҳсулоти сифат жиҳатдан яхшилиги, импорт маҳсулот сифатида кириб келаётганлиги боис қўшимча қиймат солиғи билан ҳамда ҳукумат қарорига мувофиқ ҳолда бир тоннаси 635 минг сўм нархда сотилмоқда.

Кўмир ва кўмир маҳсулотлари билан  олибсотарлик қилиш, ундан бизнес мақсадида аҳолига Давлат белгилаганидан ортиқча нархларда сотиш каби ҳолатларга чекловлар ҳамда қонун доирасида чора кўриш белгиланган.

Афсуски, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Самарқанд бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги”га қарашли “Қўролос” кўмир омборида бундай тартиб-қоидага амал қилинмаяпти.

Ҳозирда ушбу омборда мавжуд Қозоғистон кўмирининг 1 килограмига 1200 сўмдан олишмоқда. Омбор иш бошқарувчиси Ғулом Мираковнинг таъкидлашича, “Ишчиларнинг кўмирни халталагани ҳамда халта учун нарх қўшиляпти”.

Тасаввур қилинг, бир халтага 30 килограмм кўмир жойланса, 30 кило кўмир 650 сўмдан ҳисоблаганда ҳам 19 минг 500 сўм бўлади. Ҳар  килосига халта учун 550 сўмдан қўшилиб, 1200 сўмдан ҳисобланса, 30 кило кўмир 36 минг сўм бўлади. 36 минг сўмдан 19 минг 500 сўмни айирсак, 16 минг 500 сўм қолади. Оддий халтанинг баҳоси шунчалик қимматми?

Қўшработ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.