Қозоғистоннинг Самарқанд шаҳридаги бош консули Матбуот уйига келди
Қозоғистон Республикасининг Самарқанд шаҳридаги бош консули Талгат Шарипов ҳамда консул Абзал Нурашов вилоят Матбуот уйида бўлиб, Самарқанд матбуоти, унинг тарихи, вилоят газеталари фаолияти, тажрибаси билан танишди.
- Очиғи, менга Ўзбекистон, айниқса Тошкент шаҳри бегона эмас, - дейди Талгат Шарипов. - Чунки бундан аввалроқ Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида фаолият юритганман. Ўшанда иш юзасидан Самарқандга бир-икки бор келган бўлсам-да, унинг жуда қадим тарихга эга эканлиги ва мафтункорлигига эътибор қаратмаган эканман. Мана, бир неча ойдирки, Самарқандда фаолият юритяпман ва Самарқанд барча учун қадрли шаҳар экани, ҳар жабҳада ўрганса арзийдиган жиҳатлари кўплигини англадим.
Бугун эса Самарқанд нафақат ўзининг тарихий обидалари ва зиёратгоҳлари, балки журналистикасининг тарихийлиги билан ҳам аҳамиятли эканига гувоҳ бўлиб турибман. Вилоят матбуот музейида Самарқанд журналистикасининг тарихи, ривожланиш босқичлари, 100 йил олдин фойдаланилган фотоаппаратдан тортиб, қаламдонларгача сақлангани бу соҳага қаратилган юксак эътибор намунаси, десам адашмаган бўламан.
Динимиз битта, тилимиз яқин, шу боис яшаш тарзимиз, ривожланишдаги мақсадларимиз ҳам бир. Журналистика соҳасидаги ўзгариш ва ўхшашликлар ҳам бир хил. Шунинг учун икки давлат, икки қардош миллат ўртасидаги маданий, ижодий, илмий-тарихий алоқаларни мутаҳкамлаш мақсадида келгусида Қозоғистон ҳақида Самарқандда, бу тарихий шаҳар ҳақида эса бизнинг матбуот нашрлари ва телеканалларимизда мақола ёзиш ва кўрсатувлар тайёрлаш, шунингдек, Қозоғистонга пресс-тур ташкил этиш мақсадимиз бор.