Қурилишдаги қинғирликлар қандай бартараф этиляпти?

Бугун нима кўп – қурилиш кўп. Исталган шаҳар ва қишлоққа боринг, янги қурилаётган, таъмирланаётган бино ва иншоотларни кўрасиз.

Қувонасиз-а. Янги уйлар, равон йўллар, янги мактаб ва боғчалар, шифо масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, йирик завод ва ишлаб чиқариш корхоналари – барча-барчаси юрт ободлигидан нишона, одамлар учун қулай, юқори даражадаги турмуш шароити яратилаётганидан далолат.

Аммо баъзида қурилиш объектларида “Мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш тутилаётгани, давлат томонидан ажратилаётган катта-катта маблағ мақсадсиз ишлаётилаётганини кўриб, ҳафсалангиз пир бўлади.

Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциясининг жорий йил олти ойидаги фаолиятига назар ташлаб, улар томонидан ўтказилган назорат ва мониторинг тадбирлари давомида бир қатор шундай ҳолатлар қайд этилганини кўрдик.

Масалан, Ургут тумани Камонгарон кўчасида қурилаётган савдо комплекси биноси котлован нишаблиги қурилиш меъёрларига зид бажарилган. Паст Дарғом тумани Чортут маҳалласида барпо этилаётган кўп қаватли бинога олиб келинган бетон плиталарнинг сифати белгиланган талабларга мос эмас. Оқдарё тумани Бошдархон маҳалласида қурилаётган мактаб биносининг хоналарора деворлари белгиланган талабларга зид равишда лой-тупроқ қоришма билан терилган. Булунғур тумани Олмазор маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 300 ўринли янги мактаб биноси ҳамда 12х24 ўлчамдаги спорт зали пойдевори қурилишида бир қатор камчиликлар аниқланган.

Қурилишларда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан қурилиш ташкилоти масъулларига тушунча берилиб, аниқланган нуқсонлар жойида бартараф этилган.

Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, инспекция томонидан вилоятимиздаги 2925 та қурилиш объектида назорат ишлари олиб борилмоқда. Йилнинг биринчи ярмида мазкур объектларда 18 минг 214 маротаба мониторинг ўтказилган ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қурилишга масъулларга 10 минг 301 та ёзма кўрсатмалар берилган. Қурилиш объектларида қўлланилган сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлари юзасидан 36 та ташкилотга тақдимномалар киритилган. 524 ҳолатда эса сифатсиз қурилиш-монтаж ишлари буздирилди. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 544 ҳолатда инспекция ваколати доирасида маъмурий жарималар расмийлаштирилган. Лойиҳалаштиришда камчиликларга йўл қўйиганлиги учун 4 та масъул ташкилотнинг лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларини бекор қилиш бўйича тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилган.

Бундан ташқари, кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш борасидаги ишлар ҳам мунтазам ўрганиб борилмоқда. Йил бошидан буён вилоятда мавжуд 2650 та кўп квартирали уйнинг 1393 таси техник ҳолати ўрганилганда 197 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга ёзма кўрсатмалар берилган.

Мисол учун, Самарқанд шаҳар Каттаариқ маҳалласида жойлашган кўп қаватли тураржой биносининг ички таянч ва тўсиқ конструкциясига шикаст етказган ҳолда фуқаро томонидан ноқонуний тарзда эшик очилганлиги аниқланган. Бу фуқарога нисбатан 7,5 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, нуқсон ихтиёрий равишда бартараф қилинган.

Кўп қаватли уйларда аниқланган шу каби 124 та ҳуқуқбузарлик бартараф этилиб, 13 ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилган.

Қурилишдаги камчилик ва нуқсонлар ҳали бино, иншоот қурилаётган пайтда аниқланиб, бартараф этилгани яхши, албатта. Аммо бундай камчиликлар инспекция назорати ёки буюртмачи эътиборидан четда қолиб кетса нима бўлади? Бундай ҳолатлар учрамайди, деб айта оламизми? Афсуски, бунга ҳеч ким кафолат бера олмайди. Буёғи қурувчининг, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчининг зиммасидаги масъулиятни қай даражада ҳис қилишига, виждонига боғлиқми?

Ғолиб Ҳасанов.