Рағбат ҳам, танбеҳ ҳам тарбиядир
Камбағалликнинг ҳам иккита асоси бор. Биринчиси, рўзғор боқувчисининг йўқлиги ёки касалмандлик, ногиронлик каби ишлаш қобилияти бўлмаган оилаларнинг қашшоқлиги муқаррар бўлиб, бундай оилалар байрамлар ёки фавқулоддаги вазиятларда амалга ошириладиган бир марталик тадбирлар билангина эмас, балки улар, давлат ва ҳокимият ташкилотларининг доимий назоратида ва ҳомийлигида бўлмоғи керак. Иккинчи тоифадаги қашшоқлик сабаби эса, ишёқмаслик, ялқовлик, дангасалик бўлиб, “берсанг ейман, урсанг ўламан”, - деб юрган, тўрт мучаси соғ, ўларман, текинга ўрганиб қолган муттаҳамлардир.
Хуллас, бундай қавмни камбағал санаб, ёрдам кўрсатиш керак эмас. Негаки, аввало, уларнинг кўпчилигида иш объекти ҳам, меҳнат қуроллари ҳам мавжуд. Керак бўлса, қорнининг сувини қимирлатиб, меҳнат қилиб яшасин. Ошиб борса, меҳнат шароити яратиб беришингиз мумкин. Аммо, ҳаракат қилишни ўзига қўйинг-туяга янтоқ керак бўлса, бўйнини чўзади.
Меҳнатнинг нони тотли ва баракали бўлади. Айтаётганимиз ғофил-жоҳил бандалар ҳам, ўз манглай тери билан топган неъматларидан бир-икки баҳраманд бўлгач, кўпинча, мутлақо бошқача одамга айланиб, ўзгариб кетиши ҳам мумкин... Асосийси, аравани жойидан қўзғаб, юргизиб юборишдир.
Шундай қилиб, рағбат ҳам, танбеҳ ҳам, адолат қоидасидаги энг таъсирчан тарбиявий омиллардир.
Нуриддин Бобоқандов.