Раис оддий мухбир Ғофур Ғуломни эсдан чиқармайдиган бўлганди
Бу бетакрор аллома ҳақида гап кетганида унинг «Ойпошша ва Мирисоқ» номли фельетони «бош қаҳрамони» бўлган меҳнат фахрийси, Жомбой тумани Микоян номидаги жамоа хўжалигининг собиқ раиси, марҳум Умрзоқ Одиловнинг ҳикоялари беихтиёр эсга тушади.
Бир фельетон тарихи
1950 йилнинг бошларида ёзилган бу мақола ёзувчининг тўла асарлар тўпламининг 6-жилдидан ўрин олган. Машҳур адибнинг бу фельетонини ўқиб, унинг ёзилиш тарихи билан қизиқдим ва бу қизиқиш мени Умрзоқ бобонинг ҳузурига чорлади.
Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Умрзоқ Одилов Жомбой туманидаги “Нўш” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб, тадбиркорлик билан шуғулланарди. Ушбу маҳалла қишлоғимиз яқинида жойлашганлигидан у киши билан кўп марта гаплашгандим.
Юқорида номи тилга олинган фельетоннинг пайдо бўлишига асосий сабаб нима бўлганлиги, машҳур шоир билан қандай учрашгани ҳақида у киши менга узоқ гапирганди.
Одамлар ундан жуда қўрқишарди...
Маълум бўлишича, Умрзоқ Одилов ўша йиллари хўжалик раҳбари бўлиб, маишат қилиш, турли-туман кўнгилхушлик, базмларга жуда муккасидан кетган экан. Раис вилоят мусиқа ва драма театрининг спектаклларига ҳам тез-тез ташриф буюрган.
У бу ерга спектакль ёки концерт томоша қилиш учун эмас, балки гўзал актриса ва хонандалар орасидан янги маъшуқалар танлаш учун келар экан. Бир куни бу ерда у ўша даврнинг машҳур хонандаси Ойпошша Мавлоновани учратиб қолади ва раис унга “кўнгил қўяди”...
У.Одилов ўзини хўжалик ҳудудининг мутлақ эгаси деб биларди ва ўзи ҳоҳлаган ишини қиларди. Унинг учун қонун-қоидалар йўқ эди. Ҳайъат мажлисларида раис шундай сўзларни такрорлашни яхши кўрарди: “Бу ерда мен ўзим прокурорман, ўзим судьяман. Ҳеч ким менга қаршилик кўрсатишга журъат эта олмайди!". Одамлар ундан жуда қўрқишарди. Ишлар шу даражага етдики, ҳар ой охирида ишчи ва хизматчиларга хўжалик раисининг ўзи маошни ҳам тақсимлаб берадиган бўлди. Шу билан бирга, у эркакларга иш ҳақи олиш учун хотинларини юборишларини талаб қилди. Раис пулни биринчи бўлиб энг гўзал аёлларга берарди.
Қолаверса, У.Одилов уй йиғиштириш, оила аъзоларига таом тайёрлаш, рўзғор юмушлари билан шуғулланувчи ходим ва хизматчи аёлни доимий равишда ўз уйида сақларди.
«Бу Шароф Рашидовнинг шахсий илтимоси...»
Хуллас, кунларнинг бирида раиснинг уйидан катта миқдордаги пул – ходимларнинг маоши ғойиб бўлади. Бу воқеадан жаҳли чиққан У.Одилов ўзининг Бурхон исмли хизматкорини бу ўғирликда гумон қилади. Узоқ таҳқир ва қийноқлардан сўнг уй эгаси айбсиз айбдор Бурхонни егулик-сувсиз қолдириб, оғилхонага оёғидан осиб қўяди. Эртаси куни хизматкорни қишлоқдошлари ва қариндошлари озод қиладилар. Орадан бир йил ўтиб, раиснинг рафиқаси вояга етмаган қизни зўрлагани учун жазога тортилган акасини қамоқдан чиқариш мақсадида пулларни уйдан ўғирлаб кетгани маълум бўлади.
Бурхоннинг тоғаси Қарши ака тумандаги қишлоқ врачлик пунктида фелдьшер бўлиб ишларди. У аввал жиянини кўздан кечирди, сўнг бўлаётган воқеалар ва раиснинг қилмишлари ҳақида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидов номига ариза ёзади. Ш.Рашидов эса бу хатни «Қизил Ўзбекистон» газетаси таҳририятига йўллайди.
Мазкур нашрнинг бош муҳаррири Ғофур Ғулом билан жуда яқиндан таниш эди. У машҳур шоирдан Самарқанд вилоятининг Булунғур (ўша йилларда бу ҳудудлар Булунғур туманига қарашли бўлган) туманига бориб, бу ҳолатни атрофлича ўрганишни, керак бўлса, бу ўзбошимча раис ҳақида танқидий мақола ёзишни сўрайди. Ва яна қўшиб қўяди: «Бу Шароф Рашидовнинг шахсий илтимоси».
«Ғофур Ғулом номи эсимдан чиқмайдиган бўлган...»
- Ўшанда куз эди. Ишхонамга қалпоқ кийган озғин, баланд бўйли бир киши кириб, ўзини «Қизил Ўзбекистон» газетаси мухбири деб таништирди, – деб эслаганди У.Одилов. - У хўжалигимиз ҳақида газетага мақола ёзмоқчи эканлигини айтди. Ҳаётимда жуда кўплаб мухбирларни кўрганман. Уларнинг хўжалигимизга хизмат сафари меҳмонхонада ёзилган тўкин дастурхон ва қимматбаҳо совғалар билан якунланарди. Мен ўринбосаримга бу мухбирга ҳам «ёрдам беринг» деб топшириқ бердим.
3 кундан кейин мухбир яна олдимга келиб: «Мен кетяпман. Исм-фамилиям Ғофур Ғуломов. Бирор жойда эшитганмисиз?», деди. Мен «Йўқ» дедим. У киши «Унда, энди эслаб қолинг», деди.
Мен ҳеч нарсани тушунмадим. У кетди. Орадан икки ҳафта ўтгач, туман партия қўмитасининг биринчи котиби Боласанов қўнғироқ қилиб, мендан газета ўқийсизми-йўқми, деб сўради. Мен жавоб бердим: “Йўқ. Вақт йўқ". У деди: “Унда «Қизил Ўзбекистон» газетасида босилган «Ойпошша ва Мирисоқ» номли фельетонни тезда ўқиб чиқинг, деб жаҳл билан гўшакни қўйиб қўйди. Мен дарров маҳаллий почтачини топдим, у дарҳол “Қизил Ўзбекистон” газетасининг шу сонини олиб келди. Мен ҳеч қачон газеталардаги мақолаларини охиригача ўқимасдим. Бу мақолани эса бир нафасда ўқиб чиқдим ва дарҳол қон босимим кўтарилди. Орадан 10 кун ўтгач, мени Ғ.Ғуломнинг фельетонини муҳокама қилиш учун райкомга чақириб, партиядан ўчиришди ва ишдан ҳайдашди. Шу ойнинг охирига келиб эса мен ҳибсга олиндим. Суд мени 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Шу тариқа Ғафур Ғуломнинг номи бир умрга хотирамда муҳрланиб қолди.
Ёрмамат РУСТАМОВ.