Ражабаминликларга 45 минг сўмдан гўшт етказиб берилмоқда
Коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган карантин давомида Самарқандлик деҳқонлар аҳолини сифатли ҳамда арзон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашмоқда.
Далаларда етиштирилган маҳсулотлар бевосита аҳоли яшаш масканлари, маҳаллалардаги кўчма савдо ярмаркалари орқали харидорларга пешма-пеш тортиқ этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд тумани бўлими ташаббуси билан туманнинг Ражабамин маҳалласида ҳам озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Жумладан, “Зарафшон ноз-неъматлари”, “Зарнигор”, “Дилшод Агро Мева”, “Ҳасанжон ноз-неъматлари” фермер хўжаликлари томонидан 5 литр ҳажмдаги ўсимлик ёғи - 40 минг сўм, картошка – 4 минг сўм, сабзи, карам, саримсоқпиёз каби маҳсулотларни бозордагидан арзон нархларда аҳолига етказиб берилди.
Шунингдек, савдо ярмаркаси давомида “Қурбон чорва”, “Азимов Азим чорвалари” фермер хўжаликлари ва туман ветеринария бўлими томонидан гўшт маҳсулотининг бир килограми 45 минг сўмдан, парранда гўшти, тухум, полиз экинлари кўчатлари, уруғлар ҳам арзон нархларда етказиб берилиши таъминланди.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.