Карантин туфайли ёпилган Тойлоқ туманида кўчма савдо ярмаркаси ташкил этилди

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида кириш ва чиқиш чекланган Тойлоқ туманида аҳолининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида Тойлоқ тумани давлат солиқ инспекцияси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими ҳамкорлигида кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 36 та юк машинасидан иборат автокарвон ёрдамида тумандаги 50 маҳалла аҳолисига 400 миллион сўмлик 24 турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

– Ҳозирги шароитда туманимизда карантин талабларига риоя қилиб,  уйда ўтирибмиз, – дейди Истиқлол маҳалласида истиқомат қилувчи Шероз Имомов. – Албатта, бекор эмасмиз. Томорқа юмушлари билан бандмиз. Шундай пайтда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маҳалламизга қулай нархларда етказилаётгани барчамизга манзур бўлди.