Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тойлоқда 104 ёшли онахонга «Шуҳрат» медали топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра, Тойлоқнинг Муборак маҳалласида яшовчи 104 ёшли онахон Марзия Шамсиева “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. 8 фарзанд, 85 невара, етти нафар невара, бир нафар чеварали пиру бадавлат онахон ўтган асрнинг 20-йилларида таваллуд топган.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Қодиров, Тойлоқ тумани ҳокими Баҳодир Бобоназаров ҳамда туман фаоллари онахонга мукофотни топшириб, Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги билан муборакбод этар экан, онахон билан суҳбат қуришди. Медални кўксига таққан, пул мукофотини кўрпача остига қистирган онахон ҳамма қийинчиликлари унут бўлганини айтиб, жилмайди.

-Бошинг меҳнатдан чиқмаса ҳам шунчалик кўп яшаш мумкин экан, - дея сокинлик билан жилмайиб гапиради онахон. – Қаҳатчиликни ҳам, очарчиликни ҳам, бир дақиқа ҳам тин олмай меҳнат қилишни ҳам, ҳаммасини кўрдик. Балки шу қийинчиликлар эвазига бугунги ёруғ кунларни кўрсин, деб узоқ яшатдимикан Худойим, деб ўйлаб қоламан.

Онахон титроқ қўллари билан узун дуо қилар экан, кўзларида ёш думалади. Эҳтимол, бир бурда нон излаб, оч ухлаб қолган болалиги ёдига тушгандир, балки уруш йилларидаги ҳар кун бир уйдан чиққан йиғи овозлари қулоғига чалингандир ёки бугунги кунларига шукроналикдан кўзларига ёш қалққандир. Ахир бир асрдан ошган момо билан узоқ суҳбатлашишнинг имкони йўқ-да. Қанийди имкони бўлса, йиллар кўнглига қатлаган ташвишу қувончларини бирма-бир баён этсанг.