Ғўлбаликлар нимадан хурсанд, уларни нима қийнаяпти?
Бугун Самарқанднинг олис ҳудудларидаги ўзгаришлар қай даражада? Аҳолини қийнаётган муаммолар нималардан иборат? Бу муаммоларнинг ечимлари қандай? Шу саволларга жавоб излаб, Тойлоқ тумани Ғўлба маҳалласида бўлдик.
“5 киши бир хонада ишлаганмиз”
2022 йили маҳаллада “Обод қишлоқ” дастури асосида зарур ишлар амалга оширилди. Тупроқ йўлларга шағал, шағал йўлларга эса асфальт ётқизилди. 60 та симёғоч янги бетон-устунларга алмаштирилиб, янги трансформатор ўрнатилди. Эски қишлоқ фуқаролар йиғини биноси таъмирланиб, маҳалла фуқаролар йиғини учун фойдаланишга топширилди. 9-мактабгача таълим ташкилоти учун янги бино қуриб берилди. Президент таълим муассасалари агентлиги қошидаги ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилинди.
- 7 йилдан бери шу маҳалла раиси сифатида фаолият кўрсатиб келяпман, - дейди Моҳигул Давронова. - Илгари қишлоқ врачлик пунктининг биносида, бир хонада ишлардик. Маҳалламиз “Обод қишлоқ” дастурига киритилгач, ўзимизнинг бинога эга бўлдик.
- Ўтган йили 75 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди, - дейди хотин-қизлар фаоли Шаҳноза Расулова. – Улар ўзларига топширилган тикув машиналари, пишириқ печлари ва бошқа ускуналардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Барчаси “дафтар”дан чиқарилган бўлса-да, назоратдан четда қолгани йўқ. 2023 йил учун хатлов жараёни кетяпти. Шароити оғир аёлларимизга кўмак кўрсатишда давом этамиз.
Драйвер – уруғчилик
Маҳалла аҳолиси асосан картошка ва пиёз уруғлари етиштиради. Кейинги пайтларда улар орасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони ҳам ортиб боряпти.
- Ўтган йил бошида маҳаллада бор-йўғи 8 киши тадбиркорлик билан шуғулланар эди, - дейди ҳоким ёрдамчиси Ғайрат Ҳожиқулов. – Бир йил давомида 22 нафар фуқаро тадбиркорлик рўйхатидан ўтиб, ўз ишларини бошлади. Уларнинг орасида профилдан эшик ва дераза ромлари, темирдан дарвоза, сўри ва бошқа рўзғорга керакли бўлган буюмлар тайёрлаётганлари бор. 34 кишига уруғчиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. 61 кишига “Е-аукцион” дастури орқали 20 сотихдан ер ажратилди. Натижада 120 нафардан зиёд ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Чет давлатда ишлаётган ёшлар эътибордан четда эмасми?
Ҳудудда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ишсизлар бандлигини таъминлаш мақсадида зарур чоралар кўриляпти.
- Маҳалла ёшларидан 86 нафари хорижда, - дейди ёшлар етакчиси Ҳамиджон Саидов. – Уларнинг 6 нафари ўқиш учун, қолганлари ишлаш учун кетган. Ноқонуний йўл билан четга чиққан ёшларимиз йўқ. Уларнинг ҳар бири билан ижтимоий тармоқлар орқали боғланиб тураман. Бу ердаги ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида хабар топган ёшларимиз, қайтиш истагини ҳам билдириб турибди. Масалан, ажратилган 20 сотих ердан икки марта ҳосил олиб, 50 миллион сўмгача даромад қилаётган ёшларимиз ўз натижалари ҳақида телеграмдаги “Ғўлба ёшлари” гуруҳида хабар қолдирганди. Буни кўрган хориждаги бир тенгдошимиз, четда юриб ҳам йилига 50-60 миллион сўм атрофида пул юбораётганини маълум қилиб, оиласи бағрига қайтишини айтди.
Ёзда ерда меҳнат қилганлар қишда нима билан банд?
2022 йилда маҳалла йигит-қизларининг 54 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, уларга турли ёрдамлар кўрсатилган.
- “Дафтар”га киритилганларнинг 14 нафарига 20 сотихдан ер ажратилди, - дейди Ҳ.Саидов. – Улар шу кунларда томорқаларида пиёз уруғларини кўкартиряпти. Бу эрта ва мўл ҳосил олиш учун қулай.
- Ўтган йилнинг май ойида 20 сотих ер ажратилди, - дейди маҳалла ёшларидан бири Маҳлиё Тоштемирова. – Турмуш ўртоғим билан бирга пиёз етиштирдик. 15 тонна ҳосил олиб, 45 миллион сўм даромад қилдик. 2023 йилда бу ердан икки марта фойдаланмоқчимиз ва шунга яраша даромад ҳам қиламиз. Айни қиш кунларида ҳам бекор ўтирганимиз йўқ. Томорқамизда пиёз уруғларини экиб, кўчат учун тайёрлаяпмиз. Эрта баҳорда уларни даладаги ер майдонига кўчирамиз.
Маҳалланинг муаммолари нималардан иборат?
Маҳалладаги мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан ҳам яқиндан танишишга ҳаракат қилдик. 60 ўринли янги бинода 150 нафар бола тарбияланиши бизни ажаблантирди. Кейин маълум бўлишича, ҳалигача эски бинодан фойдаланилаётган экан. Аммо аномал совуқ кунларида бу бинонинг иссиқлик тизими ишдан чиқиб, барча болалар янги бинода тарбияланяпти. Яна бир ачинарли жиҳати, боғчанинг янги биносида ҳам иссиқлик тизими кўнгилдагидек эмас. Томдан чакка ўтганлигининг сабабини сўраганимизда ташкилот раҳбари том устидан ўтказилган қувурлар совуқ сабабли ёрилиши оқибатида шу аҳволга келганини айтди. Хоналарнинг етарли даражада исимаслигига сабаб эса электр энергиясидаги узилишлар экан.
- Ҳовлимиз яқинида сув иншооти бор эди, аммо унинг носозлиги туфайли узоқ масофадан сув таширдик, - дейди Сой қишлоғида яшовчи отахон Мамат Жиянов. – Бизни қийнаётган муаммолардан бири - электр энергиясидаги узилишлар. Тўғри, айрим симёғочлар янги устунларга алмаштирилди, аммо эскирган симлар бор. Уларни янгисига алмаштирса, балки бу муаммо ҳам ҳал этилар?
Самарқанд шаҳрини "Жартепа" чегара пости орқали Тожикистон билан боғловчи катта йўл ёқасида жойлашган бу маҳалладаги ўзгаришлар диққатга сазовор. Аммо сафаримиз чоғида учраган муаммолар кўнгилни хира қилади. Бу масалаларга тезроқ ва сифатли ечим топиш эса масъулларга боғлиқ.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (сурат).