РАСМАН: 22 декабрдан Ўзбекистонда «Док-1 МАКС» таблетка ва сироп дори воситаларининг савдоси тўхтатилди
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги дорихоналардан харид қилинган «Док-1 МАКС» таблетка ва сироп дори воситаларини қабул қилгандан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг маълум қилишича, ушбу вазият дарҳол назоратга олинган. Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилган.
Унинг таркибига агентлик ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг малакали мутахассислари киритилди.
Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонинг «Marion Biotech Pvt. Ltd» компаниясига тегишли «Док-1 МАКС» таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади.
22 декабрдан «Док-1 МАКС» дори воситаларининг юртимиздаги савдоси вақтинча тўхтатилди ва бу ҳақда «Quramax Medical» МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилди.