Редакцияда ишлаган кунларимни қумсайман

1983 йилда ўрта мактабни битирганимдан кейин, болалик орзуим, Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологиясида ўқиш учун шу факультетга ҳужжат топширдим. Кундузги бўлимга ўқишга кира олмай, кечгига кирдим. Шу сабабли кундузи вилоят “Ленин йўли”(ҳозирги “Зарафшон”) газетасида мусаҳҳиҳ ёрдамчиси, мусаҳҳиҳ, мухбир, махсус мухбирлик ишларида фаолият кўрсатганман. Эрта-ю кеч куним редакцияда, унинг кутубхонасида ўтарди.

Бир куни бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторов мени олдига чақириб, котиба Шоира опага газетанинг уруш даврига оид тахламини олиб келишни айтдилар. Газета ҳажми кичкинагина, бир вараққина бўлиб чиққан экан уруш вақтлари. Аҳмаджон ака “Уруш вақтида газетада уруш орти меҳнатининг ёритилиши” мавзусида мақола ёзишимни билдирдилар.

Тахламдаги газеталар элликта ё чиқади, ё чиқмайди. Шариллатиб бошдан охир ўқиб, кераклиларни белгилаб, мақолани бошлаб, уч варақдан ортиқ қўлёзма ёзиб, Шоира опага кўчиришга бердим. Опа ёзганларимни териб, бош муҳаррирга олиб кирди. Аҳмад ака мени чақириб: “Баҳодирхон, бугундан бошлаб энди "сиртқи"да ўқийсиз. Бундан кейин “Газетанинг университети”да ўқийсиз. Бекорчи иш билан кўчага чиқиш йўқ. Қандай китоблар ўқилаётганини ҳисобини ўзимга берасиз. Нима ёрдам бўлса, уялмайсиз. Биз сизга ишондик... Нима ёзсангиз тўғри ўзимга олиб келинг, келишдикми?”, деди.

Менга газета масъул котиби ўринбосарига ёрдам беришим ҳам белгиланди. Масъул котиб Ҳабиб Темиров, ўринбосар Ҳамза Шукуров эди. Ўша вақтлар таҳририятни нафақат ишхона, уй десак ҳам бўларди. Чунки газета ҳафтасига беш марта чиқарди. Ярим кечаси соат бир-иккиларда “Телетайп” деган туйнук ёпилса, бу Москва рухсат берди дегани, шундан кейин газета босмахонага топшириларди. Унгача ўша сон навбатчи мусаҳҳиҳлари-ю уларни ёрдамчилари, навбатчи муҳаррир-у ишга тегишли ҳамма ходим ишхонада бўларди.

Бизга ўхшаган бўйдоқлар ҳар куни навбатчи, ўз ҳоҳишимиз билан, албатта. Ҳамза Шукуров билан бирга ишларни якунлаб, қўшилиб уйларига кетган кунларимиз ҳам кўп бўлган. Мусаҳҳиҳ ва машинисткалар - Жамила опа, Саноат опа, Насиба опа биз тенгиларга болаларига қарагандек қарар, мусаҳҳиҳликнинг сир-асрорларини ўргатарди.

“Зарафшон” газетаси муҳаррири Фармон Тошев билан яқинда Тошкентда, Ёзувчилар уюшмасида суҳбатлашарканмиз, ҳадемай газетанинг 110 йиллик тўйи бўлишини айтиб қолди. “Тўйга тўёна дегандай, газетада ишлаган пайтларингиздаги хотираларни қоғозга тушириб, бизга жўнатсангиз”, деди. Бир вақтлар сенга сўз нима, гап тузиш, фикр айтиш нима эканлигини, фикр ортида жон бўлиши кераклигини, газетадаги сўз, ёзиқ, тошга ўйилган битик, у абадга қоладиган нарса эканлигини, ёзган одамнинг илми, фаҳму фаросатини кўрсатиб туришини уқтирган, қўлингга қалам туттирганлардан бири шундай деса, бошқача бўлиб кетаркансан киши. Эсимда: талабалик, ижарачилик даври, ичмасак-да, чекмасак-да китобга бўлган муҳаббат, китоб сотиб олишга бўлган қизиқиш ортида етмиш сўмлик ойлик етмасди. Яна ундан бўйдоқлик солиғи олиб қолинади. Таҳририятда эркин пул сўрашимиз мумкин бўлган акалар бор эди. Ҳатто уялмасдан қарзни қайтармас эдик ҳам. Шундай акалар Сулаймон Ҳусаинов, Адҳам Ҳайитов, Жамол Турсунов, Азиз Йўлдошев, Фармон Тошев эди.

Шунингдек, ҳикоялар, шеърларимизни қўлимиздан олиб шундоқ “номер”га тушириб юборган Эркин Азаматов, адабиётнинг вазифаси нима эканлигини эринмай ўргатган Исо Абдураҳмоннинг болалигида Қримдан қувғин қилинганларида, ҳовлиларидаги ўчоқларида қолиб кетган қумғоннинг қайнаб қолганини, уни бориб ўтдан олишгаям рухсат бермаганларини кўп бор эшитган бўлсам-да, у кишига яна айтиб беринг, деб хонасига кирганларим бир-бир кўз олдимдан ўтди.

Яна хотираларга чўмаман: “Ленин йўли” газетаси сабабли халқ депутатлари вилоят кенгаши ижроия қўмитасининг “Давлат тили ҳақидаги қонунини амалга ошириш ва ном қўйиш комиссия”сига масъул котиб бўллгандим. “Шарққа шарқоналик ярашади” отлиқ мақоламиз газетанинг 1989 йил 2 февраль сонида чоп этилган. Ҳафта-ўн кун ўтиб, журналист, устоз Абдурайим Убайдуллаев вилоят ижроқўмига чақирдилар. Хонасидамиз. Мақолани кулиб-кулиб ўқидилар. Бир вақт телефон жиринглади. У кишини чақиришди, мениям бирга юрасиз, вилоят ижроқўмининг раиси Тошбўри Қиличев чақиряпти, дедилар. Бирга чиқдик. Раис боваям кулиб-кулиб газетага кўз ташлаган бўлди-да Абдурайим акага “Қалай, ишлашиб кетасиларми”, деб сўради. “Ҳа”, деган жавобдан сўнг: “Тушдан кейин буйруққа қўл қўяй, ўзингиз тайёрланг. Сиз, йигит, энди газетада кўрсатган камчилигу муаммоларни ўзингиз тўғрилайсиз, муаммо бўлса айтасиз, - деди ва Абдурайим акага юзланди. - Йигитни бугуноқ газетадан кўчириб келинглар. Редакторни менга уланглар. Кўзи чақнаб турибди, бу йигит эплайди, тоғнинг боласи экан...”.

Кейин ўзи чорвадор бўлганлиги учун менга шу соҳадан бир-иккита савол берди, қарсиллатиб ташладим. “Ана, чорваниям тушунар экан, бундан кейин ҳамма ёзув-чизувингизни қўшилиб ўргансин...”

Ёзган мақоламдан икки банд келтираман:

“Самарқанд шаҳар совети ижроия комитетининг топономик комиссияси номигагина тузиб қўйилган, уларнинг иши сезилмаяпти. Қишлоқ районларида эса ҳатто айрим ижроком ходимлари ажабланиб “бу қанақа комиссия” дейишади. Номлар қўйишдаги қашшоқлик эҳтимол, тарих ва маданиятимиз ҳақидаги чуқур маълумотга эга эмаслигимиздадир.

Инсониятга онг ва тил битиб, жамоа бўлиб яшай бошлагандан буён турар-жойнинг атроф-географиясини, экзотик жиҳати, атоқли кишиси, баъзан эса уруғ номи билан аталган. Бизда эса ҳатто ўша инсоният цивилизациясининг илк босқичидагидек донишмандона фикр юритишдан воз кечилмоқда. Нега шундай?”.

Мен бу воқеларни нима учун келтиряпман. Демоқчиманки, у вақтлар катталар газета ўқирди, газетанинг ўрни бор эди, ўқимишли, зиёлининг куни газета билан бошланарди. Газета ушлаганнинг ҳурмати бор эди.

Шундан кейин кўп ўтмай Самарқанд шаҳрининг асосий майдонига асл оти Кўксарой қайтди. Унга келар катта кўчалар ва унинг атрофида айланар кўчалар ўз эгаларининг, ярашилиқ отлар билан аталди. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Бобур, Мироншоҳ мирзо, Шоҳруҳ мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Шоҳжаҳон мирзо, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замаҳшарий, Амир Кулол, Ялангтўш Баҳодир, Нодирабегим, Маҳтумқули, Сўфи Оллоёр, Темур Малик, Мир Саид Барака, Абдухолиқ Ғиждувоний, Юсуф Ҳамадоний, Жалолиддин Мангуберди...

Шаҳардаги энг узун ва катта Фрунзе оти билан юритилган кўчанинг номи ўзгартирилиб, Амир Темур қўйилганлиги газетада эълон қилиниши билан тушга яқин Самарқанд шаҳар коммунистик партияси комитети (горком)нинг  биринчи секретари имзоси билан “Бу босқинчининг оти Самарқандга муносиб эмаслиги, кўчада жойлашган “Красний двигатель” заводи ишчилари норози эканлиги ва ҳоказо битилган телеграмма ҳам олганмиз”. Менда турибди. Завод ишчилари плакатлар кўтариб чиққанлариям бор гап. Орадан икки қовун пишиғи ўтмай ўша телеграммага бош-қош  бўлганнинг амалдорлардан бири этиб тайинланганлигини ҳалигача тушуна олмайман...

Барибир редакцияда ишлаган кунларимни қумсайман. “Мактабни энди битириб келган йигитча бундай ўткир мақолаларни ўзи ёзиши мумкин эмас, бир жойдан кўчириб келяпти”, деганлар ҳам йўқ эмасди. Шундай саволларга тутилган кунларнинг бирида мен “Виктор Хара” деган одамнинг кимлигини билмай қолдим. Савол берган одамнинг димоғи чоғ бўлди. Коридорни ўртасида сигаретини буруқситиб, “Я жи сказаль, он пустозвонь”, деди. Шунда Ҳабиб ака “Виктор Харани билиш-билмаслик ҳеч нарсани белгиламайди”, деганча мени қўллаб-қувватлади. Ўша коридор, ўша қия очилган эшик, очиқ эшикдан тушиб турган ёруғлик, ёруғлик ва қоронғуликнинг кесишган жойи, ҳамма-ҳаммаси кўз ўнгимда. Ҳабиб аканинг “Бундан кейин биров савол берса жавоб берманг, кимнинг савол бергиси келса мени олдимга келсин”, деганлари ва хонага киришимни кўз билан буюрганлари ҳам кечагидек ёдимда.

Бугун ўша дамларни, бирга ишлашганларни, ярим кечаси қаттиқ нонни бўлишиб еганларимизни соғинаман. Холмуҳаммад Нуриллаев билан у кишининг эски машинасида туманларга чиқиб, мақола қилиб келган кунларни, суратчилар Ғулом Алиев, Зоир Тўрақуловга плёнка ювишларига ёрдам беришни, Нормуҳаммад Сайфиддиновнинг уйларида ижара турмасдан олдин кўрингандан салом берган одам ижарада тургандан кейин пулини тўлолмай, салом ҳам беролмай чеккалаб юрилган кунларни, Амрилло Аҳмедовдан аризачилар билан қандай суҳбатлашиш ўрганилган кунларни қумсайман.

 Баҳодир ҚОБУЛ.