Регистонда жанг санъати усуллари намойиш этилди

Ватан  ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Регистон ансамбли дирекцияси, Марказий ҳарбий округ, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши, СамДУ, СамДАҚИ, Самарқанд Давлат музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида «Ҳарбий ватанпарварлик санъатининг ривожланиш тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти» мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда Миллий армиямиз мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир эканлиги хусусида сўз юритилди.

Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари Амир Темурнинг саркардалик салоҳияти, унинг ҳарбий юришлари, жанг санъати услублари ҳақида маърузалар қилди.

Тадбир ҳарбий хизматчиларнинг саҳналаштирилган кўргазмали чиқишларига уланди - қадимий ва замонавий жанг усуллари намойиш этилди.

Аслиддин САФАРОВ.