Шердор мадрасасида 500 минг долларлик концервация ва реставрация ишлари амалга оширилади

Лойиҳа АҚШ Маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланаётган 14-лойиҳа экани қайд этилмоқда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Самарқанддаги Шердор мадрасасида консервация ва реставрация ишларини амалга оширишга қаратилган лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорлик қилади

Агентлик тақдим этган лойиҳа бутун дунё бўйлаб ўтказилган саралаш босқичида танлаб олиниб, бу йил учун энг катта, танлов тарихида эса Ўзбекистон учун энг йирик суммани ташкил этди. 500 минг доллар миқдордаги мазкур ташаббусни Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (IICAS) техник томондан қўллаб-қувватлайди. Ушбу грант АҚШ Маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси (AFCP) Ўзбекистонда қўллаб-қувватлаётган 14-лойиҳа бўлиб, ҳозиргача жамғарма ёрдамида умумий қиймати 1350 минг доллар бўлган хилма-хил лойиҳалар амалга оширилган. Бу галги янги лойиҳа 2023 йилда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасида маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича имзоланган икки томонлама келишувда кўзда тутилган мақсадларга ҳамоҳангдир.

Маданий мерос агентлиги IICAS кўмагида Шердор мадрасаси фасади консервация ва реставрациясини маҳаллий ҳунармандлар ва мутахассисларни жалб қилиш орқали амалга оширади. Лойиҳа сифати ва самарадорлигини ошириш учун хорижлик мутахассислар ҳам таклиф этилади.

- Биз Регистон майдонидаги гўзал ва рамзий Шердор мадрасасининг консервация ишларида иштирок этаётганимиздан хурсандмиз, - деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник. - Ушбу саъй-ҳаракатлар бу муҳим ёдгорликни келгуси авлодлар ва бутун инсоният учун сақлаб қолишда ёрдам беради. Бундай ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, бу муҳим ёдгорликни асраб қолиш ва Ўзбекистоннинг маданий меросини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшади.

- Шердор мадрасасининг консервация-реставрация лойиҳаси АҚШ Маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси билан биргаликда амалга оширилиши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликнинг жадал ривожланётганлигига яққол дадилдир, – деди Агентлик директори Б.Абдукаримов. - Келгусидаги ҳамкорлигимиз янада кучайишига ва бу каби лойиҳаларнинг салмоғи янада ошишига ишонамиз.

2001 йилда АҚШ Конгресси томонидан ташкил этилиб, АҚШ Давлат департаменти бошқарадиган Маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси (AFCP) дунёнинг ривожланаётган мамлакатларида маданий ёдгорликларни, маданий объектлар ва тўпламларни ҳамда анъанавий маданий меросни сақлашга доир лойиҳаларга бевосита грантлар тақдим этади. 2024 йилги глобал грантлар танловига 71 мамлакатдан 149 та маданий меросни сақлаш лойиҳаси тақдим этилди.