“Регистонга тенг келадиган йўқ”: Малайзия нашри Самарқанд архитектураси ҳақида
Малайзиянинг оммабоп "The Sun" газетаси сайтида "Самарқанднинг ажойиб архитектураси" сарлавҳали мақола эълон қилинди.
"Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри Самарқанд ислом меросини ўзида акс эттирувчи қадимий обидалари билан машҳур, деб ёзилган мақолада муқаддимасида. Самарқанд шаҳри бир пайтлар Амир Темур ва Темурийлар салтанатининг пойтахти бўлган".
Таъкидланишича, Самарқанд XIV асрда Амир Темур давлатининг пойтахти бўлган даврда гуллаб-яшнаган. Орадан қарийб 700 йил ўтиб ҳам бу маҳобатли шаҳар ўзининг улуғворлиги ва жозибаси билан сайёҳларни мафтун этишда давом этмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан кейинги иккинчи йирик шаҳар Самарқандда кўплаб фируза ёки мовий рангдаги масжидлар, гумбазлар, мадрасалар, мақбара ва миноралар мавжуд. 2001 йилда Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми "Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси" номи билан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
"Амир Темур даврида барпо этилган энг гўзал иншоотлардан бири унинг набираси мақбараси бўлиб, мазкур иншоот вақт ўтиши билан Темурийлар сулоласининг хилхонасига айланган", – дея маълум қилган нашр.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда 3000 дан ортиқ масжид, мадраса ва миноралар мавжуд, аммо Самарқанднинг муҳташам Регистон мажмуасига тенг келадигани йўқ.
Малайзия газетаси Ислом оламининг энг улуғ иншоотларидан бири ҳисобланган ушбу ансамблнинг маркази Тиллақори мадрасаси, чап томонида Мирзо Улуғбек мадрасаси, ўнг томонида Шердор мадрасаси жойлашгани ҳақидаги маълумотларни ўз муштарийлари эътиборига тақдим қилган.
"Мадрасалар қурилиши турли даврларда амалга оширилган. Улуғбек мадрасаси Амир Темурнинг набираси ҳукмдор ва буюк астроном Мирзо Улуғбек ташаббуси 1417-1420 йилларда қурилган. Орадан икки аср ўтиб, Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир томонидан ушбу майдонда яна иккита бино — Шердор ва Тиллақори мадрасалари қад ростлаган. Шу тариқа Регистон майдони яхлит мажмуага айланди", – деб ёзган "The Sun".