Қиш яқин, аҳоли кўмирни қаердан олади?

Вилоятимизда куз-қиш мавсуми учун кўмир етказиб бериш бюджет ташкилотларига май ойидан, аҳолига эса сентябрь ойидан бошланган эди.

Мавсум учун бюджет ташкилотларига 67 минг тонна, аҳолига 166,5 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб бериш режалаштирилган.

Айни дамда мактабгача ва мактаб таълими тизимига 54716 тонна, соғлиқни сақлаш бошқармаси ташкилотларга 7434 тонна, олий ўқув даргоҳларига 2725 тонна кўмир етказиб берилган. Жумладан, Иштихон, Нарпай ва Самарқанд туманлари ижтимоий соҳа объектларига 14 490 тонна кўмир ёқилғиси берилган.

Аҳолига “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиалига қарашли 8 та кўмир омбори ва 4 та савдо шохобча орқали кўмир маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Бугунга қадар 7753 тонна, яъни 4,7 фоиз тарқатилган. Ҳозирда кўмир омборларида 1457 тонна кўмир жамғарилган. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратиш мақсадида филиал томонидан юк машиналари ҳамда автоюклагичлар жалб этилган. Мўлжалланган кўмир маҳсулоти маҳаллалар томонидан берилган ва туман ҳокимликлари тасдиқлаган жадвал асосида тарқатилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий кўмирнинг 1 тоннаси нархи 309 минг 80 сўм этиб белгиланган.

Яқинларгача ярим миллионлик Ургут тумани аҳолиси, айниқса, тоғли ҳудудда яшовчилар куз-қиш ойларида уйларини иситиш учун кўмир ёки ўтин излаб сарсон бўлишарди. Табиий газ билан таъминланмаган мазкур туманнинг маҳалла ва қишлоқлари аҳли дарахт кесиб, ўтин қилишга мажбур бўлишарди. Ёки тадбиркорлардан қиммат нархдаги хориждан олиб келинган кўмир маҳсулотларини харид қилишарди.

- 2-3 йилдан буён бундай сарсонгарчиликка чек қўйилган, - дейди Маҳаллалар уюшмаси Ургут туман бўлими мутахассиси Рофи Турдимуродов. – Жорий йилда ҳам куз-қиш мавсуми учун туманимиз аҳолисига кўмир ёқилғиси тарқатилиши юзасидан етарлича ишлар ташкил этилган. Истеъмолчилар "Жарқишлоқ" ва "Бунёдкор" кўмир тарқатиш шохобчаларидан, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги "Зарафшон" кўмир омборидан электрон рўйхат асосида кўмир харид қилишлари мумкин.

Мавсумда туманнинг 116 та маҳалласида яшовчи аҳоли эҳтиёжи учун 62 минг 665 тонна кўмир ва кўмир маҳсулотлари тарқатиш кўзда тутилган. Дастлаб чегара ва тоғли ҳудудларда жойлашган Омонқўтон, Терсак, Қоратепа маҳаллалари аҳолиси таъминланмоқда.

Туман аҳолиси сонининг йилдан-йилга ошиб боришини эътиборга олган ҳолда темирйўл ўтган Жартепа маҳалласида ҳам янги кўмир омбори қуриш режалаштирилган. Қурилиш учун ер майдони ажратилиб, лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда.

- Бир ҳовлида 3 оила истиқомат қиламиз, - дейди туманнинг Ўрахўжа маҳалласида яшовчи 82 ёшли Малла бобо Умаров. – Илгари кўмир топиш қийинлигидан ҳар йили боғимиздаги дарахт ва токлардаги ортиқча шох-шаббаларни кесиб, қишга етадиган ўтинни ғамлаб қўярдик. Энди бўлса қишлоғимизга яқин жойлашган "Бунёдкор" кўмир шохобчасидан керакли миқдорда кўмир оламиз.

Туманнинг чегара ҳудудда жойлашган Қуйиқишлоқ, Чумчуқли ва Жар қишлоқларининг 20 мингга яқин аҳолисига 350 тонна сиғимга эга "Жарқишлоқ" кўмир шохобчаси хизмат кўрсатиб келмоқда. Ҳозиргача 125 та хўжаликда яшовчи аҳолига 250 тонна кўмир сотилди.

"Бунёдкор" кўмир шохобчаси туманнинг Бешбулоқ, Жўрабтепа, Мирзақишлоқ каби маҳаллаларининг 2150 та хонадонини кўмир билан таъминлаб келмоқда. Ҳозиргача 100 дан зиёд фуқарога кўмир сотилган бўлса, яна 110 тонна кўмир захираси яратилган. Ургутликлар электрон рўйхат асосида хоҳлаган пайтида келиб харид қилишлари мумкин.

Дилмурод Тўхтаев.