Россия дронлари илк бор НАТО мамлакати ҳудудида

✹ 10 сентябрь кечаси Россия қўшинлари Украинага ракета ва дронлар билан ҳужум қилган пайтда, дронлар Польша (НАТО аъзоси) ҳаво ҳудудига кириб келди.

✹ Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилишича, Польшага камида саккизта «Шахед» зарба дрони кирган. Польша Бош вазири Дональд Туск эса «жуда кўп сонли Россия дронлари» ҳақида баёнот берди.

✹ Дронларни уриб тушириш учун Польша ва бошқа НАТО мамлакатлари ҳарбий ҳаво кучлари ҳавога кўтарилди. Польша ҳукумати НАТО ҲҲК қўмондонлиги ҳамда ҳавони муҳофаза қилган Нидерландиянинг F-35 самолёти учун миннатдорчилик билдирди.

✹ Бир дрон ёки унинг парчалари Вирики қишлоғида яшаш уйига тушиб, бинонинг томига зарар етказган, аммо қурбонлар йўқ. Шунингдек, Чесники қишлоғида ҳам дрон парчалари топилган.

✹ Мамлакат бош вазири Дональд Туск ҳукуматнинг фавқулодда йиғилишини чақирди. Унинг таъкидлашича: «Бу — Россия дронлари НАТО мамлакати ҳудудида илк бор уриб туширилиши. Барча иттифоқчилар вазиятни жуда жиддий баҳоламоқда». У воқеани «провокация» деб атади ва Польша ҳамда иттифоқчилар бундай ҳужумларга жавоб қайтаришга тайёрлигини билдирди.

✹ Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Россияни «уруш бошланганидан бери Европанинг ҳаво ҳудудига энг жиддий тажовуз»да айблади. У буни тасодиф эмас, балки атайин қилинган ҳаракат деб баҳолади. Зеленский эса Европа мамлакатларини ягона ҳаво мудофаа тизими яратишга чақирди.

✹ NATO манбаси «Reuters»га маълум қилишича, дронларнинг Польшага кириб келишини иттифоқ ҳозирча ҳужум сифатида баҳоламаяпти. Дастлабки маълумотларга кўра, Польшага олтита ёки ўнта Россия дрони атайин йўналтирилган.

✹ «Бу НАТО қирувчи самолётлари иттифоқчи ҳудудида эҳтимолий хавфга илк бор жавоб қайтарган ҳолат», — деди манба. Унинг қўшимча қилишича, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари дронларни радар орқали аниқлаган, аммо улар билан тўқнашмаган. Тунги операцияда Польша, Нидерландия, Италия разведка қирувчи самолётлари иштирок этган.