Румийдан сабоқлар

Бугун нега Мавлоно Румийни бутун дунё аҳли севиши, нега барча дин ва мазҳаб вакиллари уни ардоқлашини тушунишга ҳаракат қиламиз.

Пайғамбаримиз “Мендан кейин етмиш учга бўлиниб кетасизлар”, деганлар ва бу башорат кўп ўтмай содир бўлган. Исломда етмиш уч мазҳаб бўлса, етмиш уч хил қараш мавжуд. Улар орасида анъанавий сунний мазҳаби ақидаларига мутлақо тўғри келмайдиган қарашлар кўп. Бу мазҳаблар ҳар бири ўзиникини маъқуллаб, ўзини “чин мусулмон” деб ўйлар, бошқа мазҳаб тарафдорларини эса кофир, душман ҳисобларди. Натижада, бу мазҳаблар фақат назарий-мафкуравий майдонларда олишиб қолмай, балки қаттол урушларни ҳам вужудга келтирди ва орада юз минглаб одамлар қирилиб кетарди.

Мавлоно Румий эса “мен етмиш уч мазҳаб билан бирдирман” дерди. Бу кўпларга ёқмаган. Аммо Жалолиддин Румий учун бу мазҳабларнинг ўзаро баҳсу мунозаралари ҳали балоғатга етмаган одамларнинг дину диёнат, ислом ва иймоннинг моҳиятига етмай, зоҳирий нарсалар, атамалар устида маънисиз ва мақсадсиз тортишувлари бўлиб туюлган.

Нега? Чунки бирор мазҳабда ҳам Худонинг Ўзи, Унинг биру борлиги инкор этилган эмас. Мазҳаблар Холиқ ҳақида эмас, балки махлуқот, яъни яратилган нарсалар, одамлар ўзи ўйлаб топган расм-русумлар, қоида-қонунлар, ақидалар ҳақида баҳс-мунозара қиладилар. Тасаввуф аҳли эса Ҳақ таъолонинг Ўзи, Унинг зоти ва жавҳари, яъни моҳиятлар моҳиятига етишиш учун интилганлари сабабли бу расм-русумлар, қоидаларга эътибор қилмасдилар. Улар шариатни қаттиқ ҳурмат қилганлар. Бироқ шариат шариат учун эмас, шариат ҳақиқат учун восита деб қаралган. Шундай бўлгандан кейин восита турлича бўлиши мумкин. Мақсад эса битта – Ҳаққа етишмоқ, деб уқтирилади Жалолиддин Румий асарларида.

Мана шу маънода Румий мен барча мазҳаблар билан бирдирман, деган. Бугина эмас, Жалолиддин Румийнинг фикрича, дунё динлари моҳиятан бирдир. Чунки уларнинг ҳаммасида ҳам тавҳид ғояси бор. Парвардигори оламга сиғиниш, Ундан мадад олиш, У сари интилиш мавжуд. Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир” асарида келтирилади: “Бир кун бир йиғинда ваъз ўқиларди. Мусулмону кофир ҳамма йиғлар, турли аҳволга тушарди. Биров: “Кофирлар нега йиғлашади, устига устак тилни билишмайди. Мусулмонларнинг ҳам мингдан бири аранг тушунган ваъздан улар нимани англаяптики, бу қадар йиғлаб сиқташади”, деб сўради. Мавлоно айтдики: “Сўзнинг ўзини тушунишга ҳожат йўқ. Улар моҳиятини, мақсадни англашмоқда. Улар ҳам Аллоҳнинг бирлигини эътироф этишади. Унинг Яратгувчи, Раззоқ, ҳамма нарсани ўз тасарруфида тутувчи эканини, ниҳоят, ҳамма Унга қайтажагини, авфу жазо ундан бўлажагини англашади”.

Жалолиддин Румий буни яна соддароқ қилиб тушунтириш учун мисол келтиради: “Кўрмаяпсанми, Каъбага Шимол ва Шарқ, Жануб ва Ғарбдан, Ироқу Ажам, Ҳинду Ямандан одамлар йўлга чиқади. Уларнинг йўллари ҳар хил, аммо мақсадлари бир. Йўлда ихтилофлар, тортишувлар бўлади, аммо Каъбага етгач, баҳслар тўхтайди, ихтилофлар барҳам топади. “Йўлда бир-бирларига: “Кофирсан, фалонсан-пистонсан”, деганлар Каъбага келишлари билан мақсадлари бир эканини англайдилар”, дейди Румий. Келишмовчиликлар маънода эмас, шаклда, сўздадир. Маънога етишганлар орасида низо йўқ”.

 Гўзал бир ривоят

Моҳиятни тушунмасдан, сўздаги фарққа қараб ўзаро ихтилоф қилишни Румий мана бу ривоят билан тушунтирган: Тўрт миллатдан тўрт киши – турк, форс, араб ва юнон йўлда бирга кетаётганларида уларга биров бир дирҳам пул беради. Тўртовлон бир-бирининг тилини тушунмагани сабабли пулга нима сотиб олиш кераклиги устида жанжаллашиб қоладилар. Форс “ангур”(узум) оламиз деса, араб “ман ангур емайман, “инаб”(узум) истайман дейди. Турк “узум” оламиз деб туриб олса, юнонлик “Йўқ, истофил (узум) емоқчиман” деб мушт ўқталади. Натижада, улар бир-бирини тушунмай, ёқалашиб кетади. Шу пайт “юз тилни биладиган сирлар соҳиби” бир одам йўлиқиб, уларнинг низосига қулоқ солиб, пулни қўлларидан олиб, бозордан узум сотиб олиб берганида, тўрталаси ҳам бир нарсани хоҳлаганини кўриб, ҳайрон қолишади, истаклари амалга ошиб, ярашиб кетадилар.

Одам қанчалик нодон бўлса, у шунча хурофотга, сўзлар сеҳрига, шаклларга маҳлиё бўлади, расм-русумга, ақидаларга берилувчан бўлади. Ва, аксинча, одамнинг маърифати, билими ошган сари, у Илоҳ илмига, ғайбга яқинлашиб боради, мазҳабпарастлик, ақидапарастликдан юқори кўтарилаверади, ҳақиқат ошиғи бўлиб, Ҳақ сари талпинаверади. Мазҳабпарастлик инсонни кичрайтиради, маънавий дунёсини торайтириб, муайян бир схоластик тушунчалар кишанига солиб қўяди. Румийнинг таъбири билан айтганда: “Инсоннинг ичи ҳуррият оламидир”. Ҳа, инсон қалбан ҳурдир. Аллоҳга бўлган муҳаббат, ҳаётга бўлган муҳаббат ҳам ҳурликдан пайдо бўлган шавқдир. Бу шавқ куйдирувчи ишққа айланиб, инсоннинг ўзини ҳам оламларни ўз ичига сиғдирувчи буюк бир хилқатга айлантиради. Яъни, Аллоҳга яқин этади. Бу ишқ ҳар қандай дунёвий ва ухровий манфаатпарастликдан, ғаразлардан холи, покдир. Бунда тоат-ибодатдан, аҳкомларни бажаришдан кўра, самимият, ёниқ ҳарорат билан жонфидолик қилиш ҳисси устун.

 Румийдан бир масал

Илоҳ ҳақида тасаввурлар ҳам ҳар хил. Бу тасаввурларнинг ҳақиқати тўпланса, балки Аллоҳ маърифатига яқинлашиш иложи топилар? Румий қуйидаги масални келтиради: тўртта кўзи ожизга филнинг қанақа эканлигини англатмоқчи бўлибди. Филни уларнинг олдига олиб келибди. Улардан бири филнинг хартумини ушлаб, “илонга ўхшар экан” дебди. Иккинчиси оёқларини пайпаслаб, фил “бинонинг устунига ўхшаш экан” дебди. Учинчиси қорнини ушлаб, “қопга ўхшар экан” дебди, тўртинчиси филнинг қулоқларига қўл текизиб, супрага ўхшар экан дебди.

Демак, уларнинг бирортасида ҳам фил ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Шу каби одамларда ҳам алоҳида-алоҳида олинганда Худо ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Фақат қалб кўзи билан идрок этадиганлар бу Моҳиятга яқинлашиб борадилар. Суратга ишқибоз зоҳирбинлар эса бундан маҳрумдир.

Румий келтирган мана бу масал ҳам шу ўринла ибратли:

Бир тулки шердан қутилиш учун унга қараб: “Ўрмонда сендан ҳам зўр бир жонивор пайдо бўлибди, у сенга ҳужум қилиб, сени емоқчи”, дебди. Шернинг қаҳри келиб, “Қани ўша махлуқ”, деб сўрабди. Тулки шерни қудуқ бошига олиб бориб, сувга қарагин кўрасан, дебди. Шер сувга қараган экан, ўз аксини кўрибди ва “Ҳали сенми мени ейдиган?” дея ўзини қудуққа ташлабди ва ҳалок бўлибди. Румийнинг хулосаси: суратпарастлик, ҳовлиқмалик, манманлик тақлидчиликни юзага келтиради. Манманлик эса охир-оқибатда инсонни ҳалокатга олиб боради.

Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий-сўфиёна маънолар чиқаради, теран тафаккури доирадан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради.

Табиатан инсонларнинг феъл-атвори, дунёқарашлари турлича бўлганидан, уларнинг даражалари, жамият ўрнида тутган ўрни ҳам бир-биридан фарқланади. Шу боис, одамларнинг даражасига, дунёқарашига кўра муомалада бўлиш керак.

“Маснавий”даги Мусо (а.с.) ва чўпон ҳикояти бунга мисол. Чўпон ҳали ғўр, Мусо эса пухта (етилган). Шу боис пайғамбар Мусо (а.с.) чўпонга танбеҳ бердилар. Аллоҳ эса қалбимиздагиларни ҳам очиқ-ойдин билувчидир. У чўпоннинг сўзлари нораво бўлишидан қатъи назар, қалбидаги муҳаббатни тинглаб турган экан.

“Маънавий Маснавий”да келтириладики, Мусо пайғамбар бир яйловдан ўтаётганида бир чўпонга дуч келади. Чўпон Худога нола қилиб дер эди: “Эй Художон, сен қаердасан, кел, сочларингни тарайин, чориғларингни тикайин, наки ўз жоним, балки қўйларим, фарзандларим ҳам сенга фидо бўлсин. Қаердасан, бориб дастёринг бўлсам, сут қаймоғим билан қорнингни тўйдирайин, бошинг оғриса, бошингни силайин, юзқўлингдан ўпайин, оёқларингни уқалайин…”

Мусо буни эшитиб, чўпонни койийди: “Эй аҳмоқ, кофир бўлдинг, Худонинг чориғи ҳам, тўни ҳам йўқ, у емайди, ичмайди, Уни ўзингга ўхшатма. У гўё қуёш, сен бир чивин…”

Чўпон Мусонинг бу гапидан қаттиқ хафа бўлади ва жимиб қолади.

Шунда Парвардигори оламдан Мусога ваҳий келади: “Эй Мусо, нима қилдинг, бандамизни биздан айирдинг, қўй айтсин, сен бандаларнинг дилини Парвардигорга улаш учун юборилгансан, ажратиб ташлаш учун эмас. Биз ҳар одамга, ҳар бир элга ўз даражасида, ўз тилида муҳаббат изҳор этиш учун имкон бердик. Ҳиндларни ҳинд тилида, синдларни синд истилоҳида сўзлатдик”.

Бу ривоятда ҳам Румий ташқи белгилар, сўзлар шаклига эътибор қилмаслик, балки сўзнинг маъносига, самимийлигига эътибор бериш лозимлигини таъкидлайди. Чўпоннинг сўзлари жуда тўпори, содда. Чўпон Худони ўзига ўхшатиб тасаввур этади. Аммо унинг сўзлари, муҳаббати сохта эмас, тамаъ, ғаразга асосланмаган. У бор-будини Худо йўлида сарфлашга тайёр. Албатта, юракдан айтилган гаплар қандай тилда бўлмасин айтувчининг садоқатини ифодалайди.

Мавлоно боғидан кичик гулдаста

Ишқ ул - токи халқ учун саодат бўлсин!

Ишқ ул - бу саодат то қиёмат бўлсин!

Ул ишқ мени туғди аслида - она эмас,

Ул онага минг таҳсину раҳмат бўлсин!

* * *

Биз ошиқи ишқмиз-у, мусулмон бошқа,

Биз заиф чумолимиз, Сулаймон бошқа.

Биздан сўра куйган дилу сомон юзни,

Ким савдо қилар мол била - дўкон бошқа.

* * *

Қил яхшилик - яхшиликни билгай дунё,

Пойдордир у яхшилик туфайли танҳо.

Мол қолди-ку ҳаммадан, қолар сендан ҳам,

Қолдирди бахил - мол, яхшиликни доно.

***

Эй жону жаҳон, жону жаҳоним қайда?

Эй ой, замину осмоним қайда?

Сен майни қўлимгамас, лабимга тутгил,

Мастлик била билмасам даҳоним қайда?

***

Жонон келадир чаманда танҳо-танҳо.

Наргис кўзи пурхумору раъно-раъно.

Тўсдим йўлини, дедимки, бир бўса олай,

Фарёд солиб ҳайдади: яғмо-яғмо!..

***

Ҳар лаҳза ғаминг чекиб, ғаминг олғаймен,

Ҳар лаҳза ғаминг била яна қолгаймен,

Ҳар чандки каминг чекиб-чекиб, жон бердим.

Кам улки, ғаминг чекиб-чекиб, толгаймен...

***

Лаълинг, санамим, ҳамиша хандон бўлгай,

Ошиқ сен ила ҳурраму шодон бўлгай.

Ҳар кимса сени кўрсаю гар бўлмаса шод,

Бахт юзини кўрмагай у, сарсон бўлгай.

***

Жонимки, ҳариф эрди, бегона эмиш,

Ақлимки, табиб эрди, девона эмиш.

Вайронага шоҳлар беришар ганж, ажаб.

Вайрона дилим ганж ила вайрона эмиш...

***

Мен ўлсам агар, бошимда гирён бўлманг,

Жононима топширингу нолон бўлманг.

Жонсиз у лабимга лаб қўйиб жононим,

Жон менга ато айласа, ҳайрон бўлманг...

Каримберди ТЎРАМУРОД,
Кўниядан Zarnews.uz учун махсус.